15:18 / 07.05.2021
8950

Юнусобод метроси қурилишида вафот этганлардан бирининг яқинларига компенсация можароси бўйича суд иши якунланди

Юнусобод метроси қурилишида вафот этган фуқаронинг яқинларига тўланиши керак бўлган компенсация можаросида қуйи суднинг ҳал қилув қарори Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида апелляция инстанциясида қисман бекор қилинди. Жабрланувчиларига 100 млн сўм миқдорда бир марталик товон пули ундирилмайдиган бўлди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, суд мажлисида марҳум Анвар Диёровнинг укаси Наврўз Диёров кўрсатма берган. У кўрсатмасида акаси марҳум Анвар Диёровнинг вафот этганлиги тўғрисида далолатномани 2020 йил 5 февралда олганини, дастлабки тергов жараёнида 100 млн сўм олгани ҳақида қачон тилхат ёзиб берганини эслолмаслигини таъкидлади.

Иш якунига кўра судлов ҳайъати «SBK Universal Construction Group» МЧЖнинг апелляция шикоятини қисман қаноатлантирди ва ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2020 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарорининг 100 млн сўм бир марталик компенсация тўловига оид қисмини бекор қилди. Қарорнинг маънавий зарар учун 300 млн сўм компенсация ундириш тўғрисидаги қисми ўзгаришсиз қолди.

Апелляция тартибида кўрилган суд мажлиси 30 апрел куни бошланган ва унда жавобгар тараф «SBK Universal Construction Group» МЧЖнинг адвокатининг талаби билан ОАВ вакилларига судда аудио ва видео ёзувларни олишга рухсат берилмаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўли қурилишида авария рўй берган, 6 нафар ишчи тупроқ остида қолиб ҳалок бўлганди. Одамлар ўлимига олиб келган ҳодиса айбдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши 2020 йил 18 март куни, айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб тугатилган.

Бир қанча вақтдан сўнг марҳумларнинг оила аъзоларига махсус комиссия тайинлаган нафақа пулларини етарлича тўлаб берилмаганига доир масала кўтарилди.

Бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган Анвар Диёровнинг яқинлари бирйўла ва ойма-ой тўланадиган нафақалар ўз вақтида тўлаб берилмаган деган важ билан «SBK Universal Construction Group» МЧЖга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризаси киритган. Унинг даъво талаблари қаноатлантирилган ва суднинг 2020 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарорига кўра жавобгар «SBK Universal Construction Group» МЧЖдан даъвогар Лобар Раҳмонованинг 3 нафар фарзандининг ҳар бирига, улар 16 ёшга тўлгунга қадар ҳар ойда 727 минг сўмдан нафақа, 100 млн сўм бир марталик компенсация ва етказилган маънавий зарар учун 300 млн сўм ундириш белгиланган эди.

Мавзу
Юнусободдаги фожиа
18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши рўй бериб, 6 нафар ишчини тупроқ босиб қолди.
Барчаси
Top