Тошкентда Иқтисодиёт ассамблеяси ҳамда Мебелчилар ва ёғочсозлик саноати уюшмаси томонидан турли соҳа вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда қатнашган иқтисодчи, бизнес-мураббий Муҳаммадали Эшонқулов бугунги ўзбек ёшлари ва мамлакатни ривожлантиришда эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар ҳақида фикрларини айтди.
«Гапни оғриқли нуқтамиздан бошласам. Ҳозирги кунда кўпчилик тасдиқлайдиган статистика бор. Яъни оталар фарзандлари билан бир сутка ичида максимум 12 дақиқа гаплашаркан. Оналар ярим соатдан кўп гаплашмаяпти. Ёшлар ҳақида гапирамиз-у, уларнинг дунёқарашини нима шакллантиряпти десангиз, ота-онасининг абсолют роли йўқдек. Фақат интернет, телевидение, атроф-муҳит ва телефон энг катта рол ўйнаяпти. Ота-оналар боласи кимлигини билмаяпти.
Ўзбек халқи ёшларининг дунёқараши бошқа халқ ёшларидан юқори туради. Лекин нега биз камбағал давлатмиз? Кўпчилик бизни ривожланаётган давлат деб ўйлайди.
Киши бошига кунлик даромадни бўлсак, 4,5 доллардан тўғри келади. Ривожланаётган давлат бўлиш учун ҳар бир фуқаронинг кунлик даромади 10 доллардан 30 долларгача бўлиши керак.
Энди нимага биз камбағал, Япония кучли? Нимага биз бундай, Корея ёки Сингапур ривожланган, деб кўп ўйландим. Бунинг сабаби бизда индивид кучли, тизим кучли эмас. Уларда тизим кучли экан, индивид эса кучсиз.
Яқинда «Жанг санъати» деган китобни таржима қилдирдик. Асарда айтиладики, жангда лидери кучли, армияси кучсиз томон, лидери кучсиз армияси кучли томонни енгади. Яъни бошқарув стратегиясига кўп нарса боғлиқ.
Масалан, Шимолий ва Жанубий Кореянинг бошқарув тизимларини олинг. Фаробий ҳазратлари «Фозил одамлар шаҳри» асарида подшоҳ подшоҳлигини, фуқаро фуқаролигини, миршаб миршаблигини қилиши кераклигини айтган. Ҳеч ким бир-бирининг ишига аралашмаслиги лозим. Шундагина ривожланиш бўлади», дея муаллим фикрларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шунингдек, учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев мамлакат ривожида бошқарув тизими ва фуқаролик жамиятининг роли ҳақида гапирди.
«Ҳар қанақа тизимда шахсдан кўра институт шаклланиши муҳим. Бизда шахслар муҳим, институт эмас. Бу ёмон.
Масалан, Британияда пайшанба куни эрталаб сайлов бўлади. Жума куни эрталаб натижа чиқади. Агар амалдаги ҳукумат ютқазса, соат 12га бориб янги ҳукумат қироличага кириб ҳукумат тузиш таклифини олади-да, соат 13да ишни бошлайди.














