96 ёшли отахон биз билан суҳбат давомида узоқ яшаш сирларини очди. Иминжон Темиров юзга яқинлашган ёшида ҳам кўзойнаксиз китоб ўқийди.

«Бунинг сири тўғри овқатланишда. Соат 17дан кейин ҳеч овқатланмаганман», дейди ота.

Қаҳрамонимиз 9 фарзанднинг отаси, у юздан зиёд невара ва чевараларга бобо ҳисобланади.

«1925 йилда туғилганман. 17 ёшимда, мактабни битирмасимдан уруш бошланиб, армияга олиб кетишди. Аввал Спасский деган жойда тайёргарлик кўрдик. Ундан кейин сержантлар мактабига олишди. У ерда уч ой ўқитиб, унвон беришди. Кейин урушга кириб кетдик. Аввал Белоруссияда бўлдик. У ерда бизни эшелонга солиб, Япония билан урушга олиб кетишди. Жами бўлиб саккиз йил хизматда бўлганман», дейди Иминжон ота.

Иминжон Темиров миномёт дивизионида расчёт командири бўлган. У ва унинг қуролдошлари қаҳрамонлиги ҳақида «Икки уруш кўрганлар» китоби ҳам ёзилган. 

«Урушда қизиқ воқеалар кўп бўлган. Фашист самолётлари ўрмон ичида юрганимизда устимиздан бомбардимон қила бошлади. «Қоч, қоч!» деган хитоблар. Ўқлардан дарахт шохлари узилиб тушарди. Ярадорларни боғ ичида турган машинага юклаш керак. Бири оёғидан яраланган, бири қўлидан. Шунда батарея командири «машинага чиқиб, буларни медчастга олиб боринглар» деди. Ҳеч ким чиқмади. Қарағайлардан ўқ ўтиб, тушяпти-да, ҳамма қўрқди. Шунда мен чиқаман дедим. Касалларни олиб беришяпти, мен машинага қўйяпман. Ҳаммасини юклаб бўлганимдан кейин машина кетди.

Уруш энг даҳшатли нарса. Халқларни бесаранжом қилади. Қийинчилик бўлади-да урушда. Уруш бўлмаслиги керак аслида. Уруш бўлгандан кейин қўшнингиз ҳам қийинчиликда, сиз ҳам қийинчиликда қоласиз. Ҳамма нарса қийинчилик бўлади. Бундан буён ёшларимиз уруш кўрмасин. Ота-онасига меҳрибон бўлиб, ҳозирги кетаётган давримизда яшаб юраверсин», дейди қаҳрамонимиз.