Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Foreign Affairs журналида расмий афғон ҳукуматининг позициясини ифода этувчи мақоласи эълон қилинди. Мақолада у расмий ҳукумат ва «Толибон»нинг бирга ишлаши мумкинлигига оид муҳим далиллар келтириб ўтди.

АҚШ президенти Жо Байденнинг қолган 2500 нафар америкалик ҳарбийни сентябргача Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қарори мамлакат ва қўшни давлатлар учун бурилиш нуқтасини англатади. Афғонистон ҳукумати ушбу қарорни ҳурмат қилади ва уни ҳам АҚШ, ҳам афғонистонликлар, ҳам толиблар, ҳам минтақа учун хавф ва имконият сифатида баҳолайди.

Афғонистон Ислом Республикасининг амалдаги раҳбари сифатида мен учун бу тинчлик йўлидаги садоқатимни яна бир бор исботлаш ва давом эттириш учун катта бир имконият. 2018 йил февраль ойида мен «Толибон»га тинчлик шартномаси таклиф қилдим. Бунинг ортидан ўша йилнинг июнь ойида уч кунлик сулҳ имзоланди. 2019 йилда Буюк кенгашда толиблар билан музокаралар ўтказиш кўриб чиқилди ва ўша пайтдан бери менинг ҳукуматим Афғонистон конституцияси қадриятларига мос келадиган сиёсий келишув зарурлиги тўғрисида миллий консенсус яратиш устида иш олиб бормоқда. 

Биз толиблар билан музокараларни давом эттиришга тайёрмиз. Агар бу тинчлик таъминланишига олиб келса, мен муддатидан олдин ваколатларимни топширишга тайёрман.

Афғонистон халқи учун АҚШнинг чиқиб кетиши Қўшма Штатлар билан узоқ муддатли шериклигимизнинг яна бир босқичидир. Президентлигимнинг биринчи йили АҚШ ва НАТОнинг 130 минг ҳарбийлари мамлакатимиздан чиқиб кетди, бу мамлакатда хавфсизлик секторига эътиборни кучайтиришимизни талаб қилди. Ўшандан бери Афғонистон Миллий Мудофаа ва Хавфсизлик кучлари (ANDSF) республикани ҳимоя қилмоқда ва шу давр оралиғида мамлакатда иккита миллий сайлов ўтказдик.

Бугун бизнинг ҳукуматимиз ва хавфсизлик кучларимиз бундан етти йил аввалгига қараганда анча мустаҳкам пойдеворга эга ва биз Америка қўшинлари чиқиб кетганидан кейин ҳам ўз халқимизга хизмат қилишга ва ҳимоя қилишга тўлиқ тайёрмиз.

АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиши афғон халқи учун ҳақиқий суверенитетга эришиш имкониятини англатади. Сўнгги 20 йил ичида 40 хил давлат Афғонистонга хавфсизлик кучларини жойлаштирди.

Эндиликда «Толибон» ва бошқа террористик гуруҳларга ҳарбий ёндашишга оид барча қарорлар Афғонистон ҳукумати томонидан қабул қилинади, шунингдек, «Толибон»нинг уруш учун асоси – бегона кучга қарши жиҳод – амал қилишдан тўхтайди.