12:53 / 11.05.2021
4031

Танқиддан сўнг: Тошкент шаҳар ИИББнинг Мингўрик археология ёдгорлиги олдидаги қурилиши тўхтатилди

Тошкент шаҳри Миробод туманидаги Мингўрик археология ёдгорлиги олдидаги Тошкент шаҳар ИИББнинг Маънавият ва маърифат маркази биноси қурилиши Илмий кенгаш томонидан рад этилди. Ёдгорлик ёнида қурилиш бўлмайди. У бошқа жойга кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Эсонбек Aбдурасулов Kun.uz мухбирига маълум қилди.

Тошкент шаҳар Миробод тумани Моштабиб кўчаси 31-уй манзилида VIII—IX асрларга тааллуқли Мингўрик шаҳристони ёдгорлиги ёнида Тошкент шаҳар ИИББнинг Маънавият ва маърифат маркази биноси қурилиши бошлангани ҳақида Kun.uz сайтида хабар берилган эди.

Унда Тошкент шаҳар ИИББ қонунчилик талабини бажармай, комиссиянинг тегишли хулосасини олмасдан қурилиш ишларини бошлаб юборгани, бироқ Тошкент шаҳар ИИББ қурилиш ишлари бошланганини рад қилгани ҳақида сўз юритилганди.

Танқидий мақола эълон қилинганидан сўнг ҳолат Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани маълум қилинди.

11 май куни Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси бошлиғи билан боғланиб, қурилишнинг тақдири нима бўлгани билан қизиқди. Бошқарма бошлиғи Эсонбек Aбдурасуловнинг маълум қилишича, қурилиш ишлари тўхтатилган. Ҳозирда қурилишни кўчириш бўйича Тошкент шаҳар ИИББ таклиф киритган.

«Танқидий мақола эълон қилинганидан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ мурожаат қилиб, қурилиш лойиҳаларини Илмий эксперт кенгашга тақдим қилди. Илмий кенгаш қурилиш лойиҳасини кўриб чиқиб, уни рад этди. Қурилиш ишлари тўхтатилган.

Aйни вақтда Тошкент шаҳар ИИББ қурилишни бошқа жойга кўчириш бўйича таклиф киритган. Ҳозирда бошқарманинг таклифи кўриб чиқилмоқда», деди Эсонбек Aбдурасулов. 

Top