Қайд этилишича, давлат органлари ва ташкилотлари жойлашган ер майдонлари ва бино-иншоотлардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилади.
Ишчи гуруҳи (Ж.Қўчқоров) икки ой муддатда:
- ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида давлат органлари ва ташкилотлари учун бино ва иншоотлар қуришни мақбуллаштирган ҳолда уларни тадбиркорлик субъектларига тегишли биноларда ижара асосида жойлаштириш тизимини кенг жорий қилиш чораларини кўради;
- дастлабки босқичда Тошкент шаҳрининг Олмазор, Миробод ва Яккасарой туманларида давлат органлари ва ташкилотлари жойлашган ер участкалари ва бино-иншоотларни хатловдан ўтказган ҳолда, уларнинг майдонларини танқидий кўриб чиқади ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратиш мақсадида мақбуллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотларида бўш турган, шу жумладан, президентнинг 2021 йил 3 апрелдаги ПҚ–5053-сон қарорига мувофиқ штат бирликлари мақбуллаштирилиши натижасида бўшаган ер участкалари, бино-иншоотлар ва жойлар мавжудлиги инобатга олинади.
Бундан олдин, 1 сентябрга қадар барча ҳудудларда тун-у кун ишлайдиган савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилиши хабар берилганди.











