Ўзбекистон | 17:23 / 12.05.2021
16763
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги можаро иштирокчиларини зўравонликка чек қўйишга чақирди

Фото: Mustafa Hassona/Anadolu Agency via Getty Images

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро кескинлашуви бўйича муносабат билдириб, томонларни қон тўкишни тўхтатишга чақирди.

«Ўзбекистон Республикаси Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда эканлигини билдиради.

Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз.

Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ҳамда «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида ҳал этилиши лозим», дейилади баёнотда.

  • Яқин Шарқ Фаластин-Исроил можаросининг 2014 йилдан кейинги энг авж палласини бошдан кечирмоқда. Қуддусдаги ал-Ақсо масжидида Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига ракеталар учира бошлади. Бунга жавобан Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Фаластин ҳудудларига авиазарбалар йўллади. Мазкур ҳужумлар оқибатида 12 май ҳолатига кўра, 40 киши – Ғазода 35, Исроилда 5 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид