Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари иккинчи учувчи томонидан капитанга ҳужум қилинганидан кейин, бортда 150 нафар фуқароси бўлганига қарамай, Flydubai самолётини уриб туширишга тайёр эди. Бу ҳақда CBS News нашри Исроилдаги вазиятдан бохабар бўлган икки манбасига таяниб хабар тарқатди.

Суҳбатдошларга кўра, Исроилда 11 сентябр теракти сценарийсидаги ҳодисаларга реакция кўрсатиш учун ишлаб чиқилган ҳаракатланиш тартиби бор. Самолёт кескин пастлагач, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари экипаж билан боғланишга уринган. Бу иш бермаганидан кейин олдиндан шакллантирилган қўмита йиғилиши чақирилган ва бошқарув маркази ташкил этилган.

Исроил ўз ҳаво кенгликларини ёпган ва қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган. Самолёт йўналишини ўзгартиргани ва Саудия Арабистонига учаётгани маълум бўлгач, қирувчилар қайтарилган, ўз навбатида, Саудия ҳукумати ўз самолётларини ҳавога чиқарган.

Манбалар таъкидлашича, агар самолёт йўналишини ўзгартирмаганида, қирувчи самолётлар учувчилари кабинада нималар бўлаётганини яқиндан кўриш учун унга яқинлашиши, йўловчиларнинг ҳолатини баҳолаши ва олинган маълумотни бошқарув марказига узатиши керак бўларди. Агар у ердагилар самолёт олиб қочилган, жиноятчилар эса ҳеч қандай талабларни илгари сурмаяпти деб топилса, қўмита мудофаа вазири ҳамда бош вазирга алоқага чиқиши керак эди.

Протоколга кўра, самолётни уриб тушириш қарорини бош вазир қабул қилади. Манбаларнинг сўзларига кўра, самолёт осмонўпар бинолар, аэропортлар ёки қуруқликдаги бошқа нишонларга ҳужум қилиш мақсадида олиб қочилган бўлса, уни уриб тушириш камроқ талафот етказадиган ечим сифатида баҳоланади.

Иккинчи учувчининг янги иқрорлари

Ўтган ҳафта охирида Flydubai самолётининг иккинчи учувчиси ҳақида дастлабки маълумотлар пайдо бўлганди. ОАВга кўра, у Ўмон фуқароси, 29 ёшли Ҳаммам ал-Ҳаммамий ҳисобланади. БАА ҳуқуқ-тартибот органлари уни сўроқ қилишни давом эттирмоқда.

Исроил томони тергов жараёни ҳақида доимий равишда хабардор қилиб борилади, аммо ҳозирча жамоатчиликка маълум маълумотлар кам.

Шунга қарамай, Исроилдаги нашрлар тергов жараёнидан хабардор манбаларга таяниб, иккинчи учувчи капитан Смит Маччҳарга ҳужум қилганидан кейин парвозни давом эттириш, Исроил ҳаво ҳудудига кириш ва Тел-Авив аэропортига қўниш учун рухсат олиш ниятида бўлганини хабар қилди