Бугун, 11 май куни Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасида «Закотим» онлайн закот ҳисоблаш платформасининг тақдимоти ўтказилди.
Дастур ислом молияси мутахассислари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ҳамда Тошкент ислом институти педагоглари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.



«Закотим» ёрдамида моли нисобга етган мусулмонлар ўз молиявий ибодат ва мажбуриятлари бўлган закотни аниқ ва осон ҳисоблаб чиқишлари мумкин бўлади.
Таъкидланганидек, закотнинг беқиёс умуминсоний, ижтимоий ва иқтисодий фойдалари бор.


Ижтимоий уйғунлик ва адолат. Закот – камбағаллар ва бойлар ўртасидаги кўприкдир. Замонавий иқтисодиётда бойлик бир неча киши қўлида тўпланади, камбағалларнинг моддий аҳволи эса ёмонлашиб бораверади. Закотнинг мақсадларидан бири ана шундай ижтимоий тенгсизликка йўл қўймасликдир.
Ижтимоий ҳимоя. Закот – ижтимоий ҳимоя воситасидир. Бугун қўлида етарлича маблағи борлар муҳтожларга ёрдам беради. Агар эртага вазият ўзгариб, ўша одамларнинг ўзига молиявий ёрдам зарур бўлиб қолса, улар зарур бўлган маблағларни бошқалардан олиши мумкин.
Мол-мулкка ҳирс қўйганлар учун энг яхши таъсир воситаси. Закот пул маблағлари ва тўпланган мол-мулкдан олинади, шу сабабли, ҳар йили закот берадиган киши мол-мулкини сармоя сифатида бирор бир тижорат/тадбиркорлик фаолияти орқали кўпайтиришга ҳаракат қилади, яъни закот тўловчи мол-мулки йилдан йилга камайиб боравермаслиги учун уни кўпайтиришга интилади. Унинг моли кўпайган сари у кўпроқ закот тўлайди, бу билан бўйнидаги фарзни бажаради ва жамиятга фойдаси тегади. Бунда закот сўзининг «ўсиш» деган луғавий маъноси кўринади.













