Лойиҳага ҳозирча ном қўйганимиз йўқ, шу сабабли танлов эълон қиламиз. Кўрсатувимизнинг биринчи сонини охиригача томоша қилинг ва олган таассуротларингиз асосида лойиҳамизга тўғри келадиган креатив ном топиб, Youtube'да видео остидаги изоҳларда ёзиб қолдиринг, сиз топган ном бизга маъқул келса 1 миллион сўм соҳиби бўласиз. Танлов ғолиби кейинги кўрсатувимизда эълон қилинади.

Кўрсатувимизнинг биринчи сонида ҳозирги кунда энг даромадли бизнеслардан бирига айланиб улгурган автомобил ювиш бизнесига назар солмоқчимиз.

Бир қарашда оддий кўринган бу бизнес, борган сари замонавийлашиб бормоқда. Олдин автомобиллар шундоққина ариқ бўйида битта челак ва латта билан ювиларди. Ҳозир-чи? Aвтомобил ювиш шохобчалари борган сари дам олиш комплексларини эслатиб юбормоқда.

Кўрсатувимизнинг биринчи сонида тадбиркор Мақсад Мансуров билан у Ўзбекистонга олиб кирган Blackstar Carwash франшизаси ҳақида суҳбатлашдик.

3 минг метр квадратдан ортиқ майдонга эга шохобча Тошкент марказида, Амир Темур хиёбони яқинида жойлашган.

— Пойтахтда борган сари премиум тоифадаги автомобил ювиш шохобчалари кўпайиб боряпти. Наҳотки, шу тоифадаги автомобил ювиш шохобчаларига талаб етарли даражада?

— Ҳар бир соҳа қуйи, ўрта ва юқори сегментга бўлинган. Биз юқори сифат сегментини танлаганимизга сабаб – кўп дўстларимиз, яқинларимиз яхши машина ҳайдаганда машинасини укаси ёки ҳайдовчисига бериб юборишдан чўчийди. Ўзи бормаслигига сабаб – автомобил ювадиган жойда керакли шароит йўқ. У иссиқда ёки совуқда кўчада туришни хоҳламаслиги мумкин ёки вақти йўқ. Бу ерда эса ҳар бир инсон тушлик қилиши, кечки пайт ўртоқлари ёки дам олиш куни фарзандлари билан келиб ҳордиқ чиқариши учун шароит яратилган.

Масалан, тушлик маҳали келсангиз, бемалол машинани қолдириб, тушлик қилиб олишингиз мумкин.

— Бу ерда автомобил ювишдан ташқари яна нималар бор?

— Детейлинг хизмати, яъни машиналарни керамика қилиш, полировка, химчистка қилиш ва машина учун аксессуарлар дўконимиз бор. Шунингдек, овқатланадиган жойимиз ҳам бор.

— Буларнинг нархлари қандай?

— «Мойка»миз премиум бўлгани билан нархларимиз ҳамёнбоп. Масалан, «освежител»лар 20 мингдан 250 минггача. Мерседес учун парфюмлар ҳам бор, 1 миллион 200 минг туради. Ҳаммасига талаб бор.