Ўзбекистон | 11:45 / 12.05.2021
49054
3 дақиқада ўқилади

«Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқ россиялик овчи томонидан ўлдирилди. Унга Экология қўмитаси раиси рухсатнома берган

Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Мақсудовнинг рухсатномаси билан «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқ Тошкент вилояти ҳудудида россиялик овчи томонидан ўлдирилган. Бу ҳақда экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид янгиликларни бериб борувчи «Ekologuz» телеграм-каналида маълум қилинди.

Маълум бўлишича, Алишер Мақсудов имзоси билан «Қизил китоб»га киритилган Тяньшан қўнғир айиқларидан иккитасини отиш учун Россия фуқароси Е.П.Широковга 2021 йил 3 март куни №400030-сонли рухсатнома берилган.

Мазкур рухсатнома экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ туман инспекциясида №4-сон билан 2021 йил 31 март куни рўйхатга олинган.

«Овчи Россия Федерация фуқароси Е.П.Широков эса Бўстонлиқ туманида 1 дона қўнғир айиқни отиб, у билан ваҳшийларча суратга тушган (Унинг яна битта Тяньшан қўнғир айиғини отишга рухсатномаси бор).

Эндигина уйқудан уйғонган айиқлар бу фаслда анча заиф бўлади. Айнан заифлигидан фойдаланиб уларни ўлдириш ўта ваҳшийликдир.

Давлат экология қўмитаси раиси Алишер Мақсудов бундай рухсатнома беришининг ўзи аянчли. У қандай асосларга кўра ноёб ҳайвонот оламимизга ваҳшийларча муносабатда бўлишга имкон берадиган мазкур рухсатномага имзо чекди экан?

Давлат экология қўмитаси раиси рухсатномаси билан қачонки том маънода атроф-муҳит муҳофазасига жонкуяр бўлган, табиатни асраб-авайлашга ҳиссасини қўшадиган раҳбар келмаса, табиатимизга қирон келтирилади. Ўтган йиллар Қашқадарё ва Наманганда аҳоли ва браконьерлар томонидан ўлдирилган айиқлар ҳақида ёзгандик. Фуқаролар айиқни ўзини ҳимоялаш учун, браконьерлар пул учун ўлдиргани маълум бўлганди. Аммо Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раҳбари «Қизил китоб»га киритилган айиқни отишга рухсат берса-чи? Дардингни кимга айтасан?» – дейилади хабарда.

Kun.uz мухбири хабарга ойдинлик киритиш мақсадида иккинчи томон – Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо қўнғироқлар жавобсиз қолдирилди.

Мавзуга оид