Ўзбекистон | 08:21 / 14.05.2021
5195
3 дақиқада ўқилади

Урганч давлат университети  2021 йилги режалар тўғрисида маълумот берди

Фото: KUN.UZ

Урганч давлат университетида «Бугунги кунда таълим соҳасидаги янги ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда 2020 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, 2021 йилги режалар ҳақида маълумот берилди.

Урганч давлат университетида 12та факультетда 39та кафедра ташкил этилган бўлиб, 800дан ортиқ профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 25 нафари фан доктори ва 190 нафари фан номзоди ҳисобланади. Илмий салоҳият 26 фоизни ташкил қилади. 

2020-2021 ўқув йилида 1 курс талабалар сафига давлат гранти асосида 1212 нафар ва тўлов-контракт асосида 5616 нафар, жами 6828 нафар талаба қабул қилинди. Қўшма таълим дастурларида талабалар сони 129 нафарни ва университетга жалб қилинган хорижий талабалар сони 1162 нафарни ташкил этади.

2020 йилда қиймати 17,1 млрд сўмлик 500 ўринли талабалар турар жойи биноси қуриб битказилади. Бундан ташқари, Ахборот ресурс марказини қиймати 950 млн сўмлик капитал таъмирлаш ва лаборатория биносини 242 млн сўмлик таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. 7 қаватли, 2 минг ўринли янги ўқув биноси қурилиши бўйича лойиҳа-смета тайёрланди.

2021 йилда университет томонидан қуйидаги чора-тадбирлар режалаштирилган:

- Иқтидорли ўқувчилар селекциясини кучайтириш мақсадида умумтаълим мактабларида математика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича масофавий олимпиадалар ташкил қилиш.

- Хоразм вилоятида психология соҳасида олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж юқори бўлганлиги учун янги ўқув йилида психология таълим йўналишига мақсадли қабул амалга ошириш;

- 2021/2022 ўқув йили учун “Дефектология”, “Антропология ва этнология”, “Электр энергетикаси”, ”Бизнесни бошқариш” каби 10та янги таълим йўналишини очиш, шунингдек муҳандис-техника таълим йўналишидаги талабалар улушини 20 фоизга ошириш.

- Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси билан келишган ҳолда 6та қолоқ мактаб билан ишлаш бўйича ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишлари, ўқитувчиларни касбий ривожлантириш ва иқтидорли ўқувчилар селекциясини мунтазам олиб бориш;

- Талабалар коворкинг маркази ташкил қилиш, ёш олимлар ва талабаларнинг IT-дастурлашга қаратилган лойиҳаларини молиялаштириш; 

- Ўқув жараёнини ташкил қилиш ва режалаштириш бўйича дунёда тан олинган илғор кредит-модуль тизими имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш.

- Урганч туманидаги 400 ўринли талабалар турар жойи биносини реконструкция қилиш, 200 ўринли янги талабалар турар жойи биноси қуриш, университет ҳудудида «Гўзаллик салони», сартарошхона, чевархона, фотография ва нусха кўпайтириш шохобчаларини ташкил этиш, ошхоналарда фитобар ташкил этиш.

- Бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 2000 ўринга мўлжалланган замонавий ўқув-лаборатория комплексига эга SMART факультетининг биносини қуриш чораларини кўриш.

Мавзуга оид