Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Хоразм вилояти ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирок этди.

Кимёвий технология факультетининг янги ўқув биноси 850 ўринга мўлжалланган бўлиб, бинода конференция заллари, спорт зали, 10 та лаборатория хонаси, 18 та ўқув аудиториялари ва бошқа зарурий хоналар мавжуд.

Тадбир иштирокчилари факультет янги биносининг ўқув аудиториялари, лаборатория хоналари билан танишдилар. Ҳозирда факультетда озиқ-овқат хавфсизлиги, ёғ-мой маҳсулотлари, гўшт маҳсулотлари ҳамда дон маҳсулотлари лабораториялари фаолияти йўлга қўйилган. Жаҳон тараққиёти банки маблағлари ҳисобидан 42 турдаги лаборатория жиҳозлари сотиб олиниб, фойдаланишга топширилган. Ушбу лабораториялар доимо ёш олимлар билан гавжум.

Шундан сўнг, Кимёвий технологиялар факультети ҳудудида жойлашган, янги реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган 7-сонли талабалар турар жойининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу талабалар турар жойи тўрт қаватли бўлиб, 800 ўринга мўлжалланган. Бинода 8 та маданий дам олиш хонаси, 4 та дарс тайёрлаш хоналари, 8 та ошхона, 8 та ювиниш хоналари мавжуд.

Шу куннинг ўзида Урганч давлат университетида Техника факультетининг 1600 ўринли ўқув биноси ва 250 ўринга мўлжалланган талабалар кутубхонаси ҳам фойдаланишга топширилди.