Давронбек Турдиев суҳбат давомида миянинг биз билмаган, ақлбовар қилмас имкониятлари, қандай қилиб кучли хотира эгаси бўлиш мумкинлиги ҳамда ёшлар учун кимлар намуна бўла олишлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Мнемоника бўйича жаҳон чемпионатига боришга хоҳиш қачон бошланган?

Интернетда ўтирганимда, бир инсонни кўриб қолдим. У инсоннинг исми – Бен Предмер. Ёши катта инсон бўлишига қарамай, рақамларни, карталарни тезликда эслаб қолмоқда. Ҳа, демак, бу бўйича бор экан жаҳон чемпионати дедим ва фикр уйғонди. Боришга ҳаракатларни бошладим. Тез эслаб қолиш бўйича тизимлар тузишга ҳаракат қилдим. Мнемоника бўйича ҳеч ким Ўзбекистондан чемпионатга бормаган деб ўйлаган эдим. Лекин андижонлик бир бола борган экан, у билан боғландим. Тошкентга келиб, улардан чемпионатга қандай қилиб бориш бўйича маслаҳатлар олдим. Қарасам, транспорт учун 1500 доллар маблағ керак. Уйдагилардан сўрай олмадим, чунки уларнинг ўзлари бунга қаршилик билдириб, ундан кўра уйланишим, бошқа иш топишим кераклигини айтишар эди. Чемпионатга борганимда пул ютмаслигимни билар эдим. Тайёрланиш жараёнида ҳокимиятга боришим учун ёрдам сўраб мурожаат қилганман, қолганини қарз кўтариб тўпладим.

Билет ҳам сотиб олдим Хитойга. Бормоқчи бўлиб турганимда визам чиқмади. Фақатгина гуруҳ бўлиб кетадиганлар учун берилаётган эди. Футболчи Одил Аҳмедов билан ҳам телефонлашиб, виза масаласи бўйича ёрдам сўраган эдим. Унинг қариндоши мен ўқитувчилик қилган мактабда ўқир эди. Бироқ у ҳам бу пайтда иложсиз эканлигини айтди. Охири ҳокимиятга бориб, Ташқи ишлар вазирлигига виза бўйича хат қилиб беришларини сўраб мурожаат қилдим. 1 ой чиқадиган виза учун 1 ҳафтагина вақтим қолган эди. Ташқи ишлар вазирлиги 3 кунда виза олишимга ёрдам беришди. Хитой элчихонасидан визамни қўлимга олдим-у, фақат йиғламадим, холос.

Россиянинг «Ғаройиб инсонлар» кўрсатувида қай тарзда ғолиб бўлгансиз?

Бир куни эслаб қолиш бўйича чемпионатга бориб келган бир йигит билан суҳбатлашдим. У мени Россиянинг «Ғаройиб инсонлар» («Удивительные люди») кўрсатувида чиқишга ҳаракат қилиб кўришимни айтди. Нима қилиш кераклигини сўраганимда, уч юзта товар штрих кодини эслаб қолиш керак экан. Ичимда қила олмасам керак деб ўйладим. Лекин боришни истадим. Мен ўша пайти ўзимга нисбатан яхши муносабатни сездим, алоҳида машина билан кутиб олишиб, яхши муомала қилишди. Съёмка куни биринчи бўлиб мен чиқишимни айтишди ва товар штрих кодларини ёдлаб кўрсатув сўнгида айтиб беришимни айтишди. Саҳнага чиқдим, шоу бошланди. 250 та товар штрих кодларини ёдлашди бошладим. Ўша пайти шу ишни қила олишимга ишонган эдим. У ерда шовқин, бошловчининг тинимсиз савол бериши халақит берди, холос. Диққатимни жамлашимни қийинлаштирди. Ёдлаб бўлганимдан сўнг, саҳнага қайта чиқиб айтиб беришни бошладим. Эҳтиёткорлик билан айтишга ҳаракат қилдим. Сўнгида битта предметни тўғри айтсам бўлди, эди. Охирида бироз товар рақамига иккиландим. Тўғри топдим, зал туриб олқишлади. Нима бўлаётганига ҳайрон қолдим. Бундай ҳиссиёт менда бошқа бўлмаган эди. Олдимга сертификат ва мукофот пули олиб келишди.