Қорилар мусобақаси ташкилотчиси, AzonTV асосчиси Мубашшир Аҳмаднинг сўзларига кўра, масъуллар аҳолининг Қуръони каримни ўрганишидан қўрқмаслиги лозим.

«Ушбу йилда ўтказилаётган Қуръон мусобақаси ўзига хос тарзда бўлди. Сабаби Қуръон мусобақаларини бутун дунёда жуда катта тантана билан ўтказадиган мамлакатлар ҳам пандемия шароити туфайли ўтказа олмади. Лекин бизнинг диёримизда бу анъана давом этди. Бошқа бирор давлат онлайн Қуръон мусобақасини ўтказгани ҳақида эшитмадик, Ўзбекистонда шу нарса амалга ошди. Қолаверса, иштирокчиларнинг кўплиги туфайли бу тадбир янада қизиқарли бўлди.

Мубашшир Аҳмад

Мингдан ошиқ қори саралаш босқичларида қатнашди, уларнинг ичидан танлаб олинган 280 нафар қори онлайн мусобақаларда иштирок этди. Булардан ҳам 28 нафари танлаб олиниб, уларнинг ўртасида бугун якуний босқич ўтказилди.

Маълумки, ҳар бир иш бошланишида мукаммал бўлмайди, камчиликларга йўл қўйилиши мумкин. Бироқ олдинги Қуръон мусобақаларидан чиқарилган хулосалар асосида, қориларнинг ҳам бу мусобақага қизиқишлари бошқача бўлгани илгари ўтказилган мусобақалардан фарқланади.

Авваллари саралаш босқичлари қорилар яшайдиган минтақада ўтказилган бўлса, энди Тошкентдаги студиямиздан туриб саралаш босқичлари ўтказилди. Бунда қориларимиздан нафақат Қуръон тўғрисидаги билимлари, балки замонавий алоқа воситалари, технологияларини ҳам билиш талаб этилди. Яна йилдан йилга мусобақаларнинг савияси ошгани учун олдинги мусобақалардан кўра қориларнинг Қуръон ёдлаш, тажвид борасидаги илмлари мукаммаллашганига гувоҳ бўлдик.

Бошида биз ҳафтасига икки йўналиш бўйича 20 нафар қорини имтиҳон қиламиз, деб ўйлаган эдик. Биринчи ҳафтада мингдан ортиқ қори ариза топширди. Бу биз кутганимиздан 10-12 баравар кўп ва қизиқиш катта эканини кўрсатади.

Алҳамдулиллаҳ, юртимиздаги очиқлик сиёсати туфайли Қуръон курслари ташкил этилди, масжидларимизда ҳам имомларимиз қўлларидан келганча таълим беришяпти. Ўқув марказларида араб тили бўйича таълим олганлар Қуръон ҳарфларини танишади, келажакда масжидлар қошида яна Қуръон курслари очилишидан умид қиламиз.