Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Адиблар хиёбони»да талончилик қилиб юрган шахслар ушланди. Улар орасида 16 ёшли қиз ҳам бор
2021 йилнинг 16 май куни тунги соат 22:00ларда бир нечта номаълум шахслар Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган “Адиблар хиёбони”даги ўриндиқда ўтирган фуқаролар, 19 ёшли Омадбек А. ва Мафтуна Р.нинг ёнига келган, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Қайд этилишича, улар Омадбек А.нинг фаол қаршилик қилишига қарамай, унинг чўнтагидаги ҳамёнини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан қочаётганларида ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганлар.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 20 ёшли Дониёр И., 22 ёшли Азамат Р., 19 ёшли Муҳаммадбобур О. ва 16 ёшли Шаҳзода Х. содир қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари жараёнида ушбу шахслар 2021 йилнинг 16 май куни соат 12:00ларда “Адиблар хиёбони”да бўлган фуқаро 22 ёшли Шаҳзод Т. Ва таниши, 16 ёшли Маҳлиёхон А.нинг ёнига келиб, уларга тегишли 2 500 000 сўмлик “Samsung A-51” ва 2 000 000 сўмлик “Samsung-02S” русумли телефон аппаратларини очиқдан-очиқ талон-торож қилганликлари аниқланиб, жабрланувчилар томонидан таниб олинганлар.
Жиноят иши доирасида Дониёр И., Азамат Р., Муҳаммадбобур О. ва Шаҳзода Х.нинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари аниқланиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади, дейилади хабарда.