Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Конгресси аъзолари COVID лабораториядан келиб чиққанини тасдиқловчи далиллар ҳақида маълум қилди
АҚШ Вакиллар палатасининг Разведка қўмитасидаги республикачилар коронавирус инфекцияси лабораториядан келиб чиққанига оид ишончли далиллар мавжудлигини эълон қилди. Бу ҳақда уларнинг ҳисоботида айтилган, деб хабар берди Fox News.
«Жиддий далиллар Уҳан вирусология институтидан рўй берган сизиб чиқиш COVID-19 тарқалишига сабаб бўлиши мумкин, деган хавотирларни келтириб чиқармоқда», дейилади хабарда.
Республикачилар ёзишича, америкалик дипломатлар 2017 йилда Уҳандаги лаборатория зарур хавфсизлик протоколларига риоя қилмасдан коронавирусларга қарши хавфли тадқиқотлар билан шуғулланаётгани ҳақида хабар берган. Бундан ташқари, 2019 йилнинг кузида, қўмита аъзолари маълумотига кўра, бир нечта лаборатория ходимлари COVID-19 оқибатларига ўхшаш аломатлар билан касалланган. Нашр, шунингдек, Хитой ҳарбийларининг Уҳандаги институтга алоқадорлигини эслатиб ўтган.
Республикачиларнинг фикрига кўра, вируснинг табиий равишда келиб чиқиши тўғрисида билвосита далиллар кам. Хитой ҳукумати ҳозиргача одамларга вирус юқтира бошлаган турларни аниқ маълум қилолмаяпти.
Қўмита аъзолари АҚШ ҳукуматини Хитойга кўпроқ босим ўтказишга чақиришди, сабаби Пекин пандемия келиб чиқишини тўлиқ ўрганиш ва унинг сунъий келиб чиқиши эҳтимолини текшириш учун рухсат бериши лозим.
Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миссияси коронавирусни текшириш учун Хитойнинг Уҳан шаҳрига борган эди. Мутахассислар унинг сунъий келиб чиқиши эҳтимолини рад этди ва табиий манба кўршапалаклар популяцияси эканини тасдиқлади.