Ўзбекистон | 11:03 / 25.05.2021
8198
8 дақиқада ўқилади

«Математикада тўғри жавоб бор деган тушунчадан воз кечиш керак» – халқаро эксперт математикани ўқитишдаги муаммолар ҳақида

Бугунги кунда дарслик ёзиш жараёнларига халқаро экспертлар ҳам жалб қилиниши тажриба сифатида илк бор қўлланилмоқда. Республика таълим маркази маҳаллий тузувчилар билан бир қаторда UNICEF экспертлари билан ҳам барча фанлар бўйича ўқув дастури ва дарсликларни тайёрлашда ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Математика дарсликларининг 1-синфлар учун яратилган илк намунаси тайёр бўлди. Мазкур жараёнларда математикани ўқитиш бўйича 20 йиллик халқаро тажрибага эга эксперт Марселло Старикофф ҳам бевосита иштирок этди.

Республика таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторов UNICEF эксперти Марселло Старикофф билан замонавий математика дарсликларини яратиш ва ўқитишдаги янгича ёндашувлар ҳақида онлайн суҳбат ташкил этди.

– Нима учун болаларга математикани ўқитиш муҳим, 3 та сабаб билан изоҳлай оласизми?

– Математикани ўқитиш ҳамманинг ҳаётида марказий ўрин тутади, зеро биз яшаётган дунё математик жараёнлар томонидан белгиланади ва бошқарилади. Стратегик тарзда фикр юритиш асоси ва идрок этиш кўникмасини математика ўргатади. Зотан, математика фалсафий фан.

Математикани ўқитишда ҳар доим математикада тўғри жавоб бўлади деган анъанавий тушунчадан воз кечиб, янги усулларни ишлаб чиқишга ҳаракат қиляпмиз.

Агар биз ҳар доим математикада тўғри ёки нотўғри жавоб бор деб эмас, унга турли ёндашув ва стратегиялар билан ўқитиладиган фан нуқтайи назаридан ёндашсак, бу математикани чиндан севиб ўқишларига сабаб бўлади. Ва бу усуллар математикага фақат тўғри жавоб билан тугайдиган фан сифатида қаралишига барҳам беради.

Математиканинг инсонга берадиган компетенцияси жуда ҳам улкан ва улар нафақат математик масалаларда, балки жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда ҳам ёрдам беради. Агар ўқувчи математикада қобилиятли бўлса, унинг жамиятга ҳисса қўшиш эҳтимоли юқори ва бу ўз тасдиғини топган. Биз  фанни ўта инновацион усулда ўқитиш билан бирга, унинг амалиётдаги самарасини кўриш учун ҳаракатдамиз.

Биринчи ва иккинчи синф ўқув дастурларида биринчи боб қандай қилиб математик бўлишни ўрганишга бағишланади. Биз қандай ўрганишни ва нимани ўрганишни ҳам ўргатамиз ва ўйлайманки, бу Ўзбекистон таълимини етакчи ўринларга олиб чиқади.

Ўрганишни ўрганиш қизиқ, чунки мен таълим соҳасига келганимда шуни англадимки, менимча, биз умр бўйи ўрганишда давом этишимиз керак. Ҳамиша ўрганишдан тўхтамаслик XXI асрнинг ўзига хос кўникмаларидан бири  ҳисобланади. Ўйлайманки, ушбу концепция натижа беради.

Ўрганишни ўрганиш боби биринчи ва иккинчи синф ўқув дастурларини очиб беради. Шунингдек, ушбу боб бошқа ўқув дастурларини ҳам очиб беради. Унинг 5 жиҳати бор:

  • таълим моделлари метакогнитив жараён, бунда болалар ўзлари қандай ўрганаётганларини намойиш этади;
  • болаларни ижодий фикрлашга ўргатадиган жараён;
  • ўрганишнинг визуал стратегиялари билан боғлиқ;
  • танқидий фикрлаш саволлар бериш, изланишларни амалга оширадиган синфни шакллантириш;
  • умр бўйи ўрганишдан тўхтамаслик замондан огоҳ инсон бўлишга ўргатади.

Шу йўсиндаги манбаларга эга бўлгач, мустақил ўрганишга бўлган қизиқишлари ортиши табиий. Яъни улар ташқи мукофотлар учун эмас, ички мотивация билан ўқишни бошлашади. Шундай қилиб, биз жамоа билан жуда содда  бўлган машқлар ёрдамида ижодий фикрлаш, маданий онг, қизиқиш, глобал хабардорликни ривожлантиришга хизмат қилиш учун маълум усулларни яратмоқдамиз. Янгиланган ўқув дастури эса бунинг намунаси сифатида барқарор глобал мақсадларга эга. Машқларни ҳаёт билан боғлаш болаларнинг ўзлаштиришига самарали таъсир кўрсатувчи усуллардан ҳисобланади.

Биз ўқитувчилар услубий қўлланмасини яратишда ижодий ёндашяпмиз, яъни бу ўқитувчилар услубий қўлланмаси учун қўшимча ўлчов мезонларини яратади, шунингдек, барча педагогик ёндашув ва  усулларни ўзида мужассам этади. Янги ўқув дастуридаги яна бир жиҳат кўп тил, яъни кўп маданиятли фикрлаш концепциясидир. Бу асосан юқори синф ўқувчилари учун ишлаб чиқилади, аммо умумий ғоя таълим бериш. Яъни ўқувчилар ўзлари ўрганадиган ҳар қандай таълимга тил ва маданият бойлиги орқали киришиш имкониятига эга бўладилар.

– Мен ўқувчилик чоғимда математик формулалар нима учун  керак деб ўзимдан такрор-такрор сўрардим, балки, мен 5-6-синфгача яхши ўзлаштиргандирман, лекин юқори синфларда менда бу фан қийин кечган. Шунинг учун ҳам бу барчага қизиқ савол, хўш, болалар ушбу дарсликлардан қандай ҳаётий кўникмаларни эгаллайдилар?

– Ҳа, сиз ҳақсиз, анъанавий равишда менга формула қачон керак бўлади, буни ҳаётда қўллай оламанми, деб савол берганлар жуда кўп. Математика шундай тоифага киради, уни айнан ҳаётда қўлламаса-да, бу борада кишилар умумий тушунчага эга бўлишлари зарур. Болада бир кўникма ривожлангач, айтайлик, доиранинг диаметрини ўлчаш кўникмаси бутун умр давомида йўқолмайди ва болалар бу кўникмани бошқалари билан боғлай олади,  натижада «ақл ўйини» юзага келади. Масалан, ўзим ҳам Аргентинада олган таълимимни эсласам мен математикани жуда яхши билардим. Қандай қилиб тўғри жавобни топишни билардим, аммо айнан нима қилиб буни топаётганимни тўла англамас эдим.

Ҳозир биз Ўзбекистонда бунинг аксини қиляпмиз, яъни ўқувчи қандай қилиб  тўғри жавобни топишни ҳам ва уни қандай қилаётганини ҳам англай олиши керак. Шунинг учун умид қиламанки, эндиликда ўқувчилар биз каби бу формулалар бизга нега керак деб ўйлашларига ўрин қолдирмаймиз.

Бизнинг жамоа олдига қўйган мақсади болаларни онгли қарор қабул қиладиган ва тўғри тўхтамларга кела оладиган инсон сифатида тарбиялашдан иборат. Математикада кўпгина фалсафий қарашлар мавжуд, булар эса ўз ўрнида унинг чексизлик тушунчаси билан боғлиқ. Бугун ҳаётимизнинг ҳеч бир жабҳасини  иккилик саноқ системаси асосига қурилган компьютер технологияларисиз тасаввур қила олмаймиз.

– Болаларнинг математикага бўлган қизиқишларини ошириш борасида ўқитувчиларга қандай маслаҳатлар бера оласиз? Уларни математикага жалб қилиш учун глобал миқёсда қандай усуллардан фойдаланилмоқда?

– Ўқитувчиларга шуни айтган бўлардимки, математикани ҳаётга татбиқ этиб ўргатувчи жуда кўп қизиқарли стратегиялар ва содда усуллар мавжуд. Биргина мисол, ўқитувчи дарс аввалида ўқувчини ҳам фикрлашга ундайдиган, ҳам қизиқтира оладиган, шунингдек, барча ўқувчилар жавоб бера оладиган очиқ саволлар бера олса, бу болалар учун мотивация бўлиб хизмат қилади.

Жалб қилишнинг энг яхши йўли ҳам айнан улардаги ички хоҳишни жонлантириш. Дарс давомида болаларга ўйинлар ўйнаши ва ижодий ёндашувларига эркин муҳит яратиб бера олиш самарали усул саналади. Бундан ташқари, яна бир стратегия бор, бу математикани уй муҳити билан боғлиқ тарзда ўргатиш. Айтайлик, уйингиздан мактабгача қанча қадам босиб келасиз ёки сиз учун энг тез элтувчи йўл қайси каби оддий, аммо барча болаларни мунозарага чорловчи мисоллар сингари.

Ўқитувчиларга тажриба ўтказиш учун профессионал эркинлик бериш мақсадга мувофиқ. Чунки биз ўқитувчиларга пластилин берамиз, тайёр ясалган шаклларни эмас, натижада эса улар ўзлари педагогик нуқтайи назардан  қулай ва самарали деб билган шаклларини яратиши мумкин бўлади.

– Менимча, ҳар бир ўқитувчининг ўзига хос концепцияси, фалсафаси, ёндашуви бўлиши керак. Барча ўқитувчиларнинг академик мустақиллиги борасидаги қарашларингиз жуда ўринли. Айтайлик, фақат дарслик ёки дастурга боғланибгина қолишмасин, айнан шу жиҳатлар ҳам биз эришмоқчи бўлган мақсадлар сирасига киради.

Мазмунли суҳбат учун раҳмат.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид