Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўнғироқ тарихи: дунё бўйлаб битирув кунлари қандай нишонланади?
25 май – Ўзбекистон бўйлаб ўқув йили якунланадиган кун. Шу куни битирувчи синфлар учун ҳам охирги марта қўнғироқ янграйди. Дунё бўйлаб ўқув йили якуни турли вақтга тўғри келиб, аксар давлатларда сўнгги қўнғироқ ўзига хос байрам сифатида нишонланади. Жумладан, битирув кунида америкалик битирувчилар бош кийимини тепага улоқтирса, японияликлар ўқув қуролларини хонадан пастга ирғитишади.
Синфларда чалинган дастлабки қўнғироқлар
Таълим муассасаларида дастлабки қўнғироқлардан фойдаланиш Қадимги Юнонистонда бошланган. Биринчи қўнғироқ Aфлотун академиясида жорий қилинган. Aфлотун фойдаланган қўнғироқ биз бугун кўриб турган қўнғироқлардан анча фарқ қилган. Унда жаранг ҳосил қилиш учун сув ва найдан фойдаланилган. Олим 2та кемани найча билан боғлайди. Бир кемадан келадиган сув най орқали иккинчисига ўтаётганда овоз чиққан ва жаранг ҳосил бўлган.
XVII асрга келиб, қўнғироқ учун янги тизимдан фойдаланишга ўтилади. Чехиялик ўқитувчи Ян Aмос Коменский дарсларни қўнғироқ билан тугатиш ғоясини илгари суриб, синфда кўчма ёки стационар қўнғироқдан фойдаланган. ХХ асрга келиб, қўнғироқнинг анча такомиллашган тури – электр қўнғироқлар кенг тарқалди.
XIX асрда инглиз муҳандиси Уилям Стержен биринчи электромагнитни яратди. Шундан кейин Иоган Вагнер ва Кристиан Нифф тебраниш болғасини ихтиро қилди. Бу – электр қўнғироқнинг пайдо бўлиши учун муҳим ихтиро эди. Шу тарзда электр қўнғироқдан амалиётда кенг фойдаланишга ўтилди.
25 май санасини сўнгги қўнғироқ сифатида нишонлаш қачондан бошланган?
Сўнгги қўнғироқни 25 май санасида нишонлаш 1948 йилда Россияда бошланган. Бу анъана Краснодар шаҳридаги 182-мактаб директори Фёдор Брюховецкий ташаббуси билан йўлга қўйилган. Шунингдек, билимлар куни, мактабда навбатчи синфларни ташкил қилиш, 1-синф ўқувчилари учун алифбо билан хайрлашиш каби анъаналарни ҳам Фёдор Брюховецкий олиб кирган. Кейинчалик бу ғоялар бутун иттифоқ бўйлаб ёйилган ва уларнинг аксари ҳозиргача давом этади.
“Aмерикача битирув куни” қандай ўтади?
Aмерикада 1920 йилларда сўнгги қўнғироқ чалингандан кейин битирувчилар саёҳатга чиқишган. 30 йилларга келиб, Aмерикада битирувчилар саёҳат, ўйин ва мусобақалар ташкил қилиб, битирув кунини нишонлашни бошлаган. Ҳозир Aмерикада мактабда битирув кунини ташкил этиш Aмерика Таълим Кенгаши томонидан тартибга солинади: Бунда таълим муассасалари риоя қиладиган кўрсатмалар бор. Байрамлар стадион, майдон ва очиқ ўтлоқда ўтказилади. Сўнгги қўнғироқ куни битирувчиларнинг 5 дақиқагача кечикишига рухсат берилган.
Шунингдек, битирувчилар, қора халат ва академик бош кийимида диплом олишади: Уларни кузатиш учун ота-она ва яқинлари ҳам байрамга ташриф буюради. Маросим якунида битирувчилар бош кийимларини тепага улоқтиришади.
Ўқув қуроллари билан видолaшув ва сўнгги мадҳия
Японияда ҳам ўқув йилининг тугаши катта воқеа саналади. Бу кунда бутун мактаб спорт ёки фаоллар залида йиғилади. Маросим Япония байроғига таъзим билан бошланади, сўнгра мактаб мадҳияси янграйди. Битирувчилар мадҳияни мактабда охирги марта куйлаётганига урғу беришади. Байрам давомида бирма-бир чақирилиб, уларга диплом берилади.
Хитойда ўқув йили якунланадиган кунда битирувчиларга жуда кўп нарсага рухсат берилади. Масалан, ўқувчилар мактаб деразаларидан дафтар, қалам, чизғич каби ўқув қуролларини ташлайдилар. Aлбатта, бунда байрамдан кейин ерга улоқтирилган нарсаларни йиғиштириб олиш ҳам шарт қилиб қўйилади.
Битирув кунида оқ қалпоқчалар
Дания ва Швецияда ҳам ўқишнинг сўнгги куни ўзига хос нишонланади. Қизлар оқ либос, йигитлар оқ кўйлак ва костюм кияди. Мактабда битирувчига тантанали равишда махсус оқ қалпоқча берилади. Қалпоқчанинг ички қисмига барча синфдошларнинг исми ёзилган бўлади. Қалпоқ ҳошиясидаги ранглар битирувчининг қанча имтиҳонлардан ўтганлигини билдиради. Масалан, қалпоқ ҳошиясининг қизил бўлиши ўрта даража, қора бўлиши эса аъло даражани англатади. Шу куни Дания ва Швеция шаҳарлари ҳам битирувчилар ихтиёрида бўлади. Тантанали қисмдан сўнг синфлар шаҳар атрофида очиқ автобусга чиқиб, ҳар бир синфдошнинг уйида тўхташади. Ота-оналар битирувчиларни меҳмон қилади, деразадан уларга конфет улоқтиради.
Норвегияда сўнгги қўнғироқ кунидан олдин битирувчилар кўк ёки қизил комбинезон кийишни бошлайди. Бу битирувчи синфларнинг махсус формаси ҳисобланади. Шаҳарларда битирувчилар паради бўлиб ўтади. Бундан ташқари, битирувчилар кичик синфлар учун ўз ташриф қоғозларини ҳам тайёрлайди. Уларда битирувчи расми, шиорлар ва иқтибослар бўлади.
Германияда ҳам битирув куни байрам қилиниб, мамлакатнинг айрим жойларида битирувчилар ўзларидан эсдалик сифатида мактаб боғига гул ва дарахтлар экишади.
Мавзуга оид
23:54 / 26.05.2025
Наманганда «Сўнгги қўнғироқ» вақтида қизларнинг сочи ёниб кетди
20:21 / 24.05.2025
«Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида автомобил бошқарган ўқувчилар аниқланди
20:39 / 23.05.2025
Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини табриклади
15:31 / 18.05.2025