Гарчи низомда кўрсатилган ёрдамларни олиш тартиби қонун билан белгилаб қўйилган бўлса-да, у жойларда тўла ишлаяпти, деб бўлмайди.
Жумладан, таҳририятимизга етиб келган қатор мурожаатларда фуқаролар ижтимоий ёрдамлар олиш масаласи ҳамон инсон омили, хусусан, маҳалла раиси ва бошқа мутасаддиларнинг шахсий танловига боғлиқ бўлиб қолаётганини билдирган. Бу борада маҳалла раисларининг танлов учун коррупция, таниш-билишчилик ва тамагирликка йўл қўяётгани, фуқароларни ўз шахсий иши, пахта терими ёки турли ободонлаштириш тадбирларида қатнашишга мажбурлаётгани ҳам баён қилинган.
Kun.uz мухбири шу каби ҳолатлар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати мутахассисларидан изоҳ сўради.
Саодат Боймирзаева, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:
— Бу жараёнда инсон омилини йўқотиш борасида ишланяпти. Вазирлик ижтимоий тармоқларда ёритилган ёки вазирликнинг текширувлари асосида аниқланган ҳар бир ҳолат бўйича ўрганишлар олиб боради. Айбдорларга чора кўряпти.
Бу жараён ҳамиша оғриқли масала бўлиб келган. Авваллари жараён Вазирлар Маҳкамасининг 44-сонли қарори билан тартибга солинарди. Ўтган йилдан бошлаб шу жараёнда инсон омили иштирок этмаслиги билан боғлиқ амалиёт Сирдарё вилоятида тажриба қилина бошлади. Бу тажриба ўзини оқлади. Эндиликда тажриба бутун республикага жорий қилиняпти.
Унга кўра, эндиликда бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш жараёнида маҳалла раиси ёки маҳалладан бошқа киши иштирок этмайди. Уларда биргина вазифа бор, фуқароларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, ҳужжатда камчиликлар бор йўқлигини текшириб бериш ва 3 кун муддатда туман (шаҳар) пенсия жамғармасига етказишдан иборат.
Биз мурожаатларнинг барчасини манзилли ўрганиб, чорасини кўрамиз.
Фарҳод Эшмўминов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати бош мутахассиси:
— Фуқароларимиз яхши билиши керак, янги тартиб бўйича маҳалла раислари фақатгина тақдим этилган ҳужжатларни кўриб, камчилиги бўлса, тўлдиришга тавсия қилади ва туман (шаҳар) пенсия жамғармасига етказади. Уларда тақдим этилган ҳужжатларни қайтариб юбориш ваколати йўқ.
Бу жараёнда қандайдир талаб, шартлар қўйиш, пул талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Одамларимиз шу турдаги ёрдамларни сўраб, маҳалла идорасига мурожаат қилар экан, бу қоидаларни яхши билишлари керак.














