Ўзбекистон | 09:08 / 26.05.2021
12222
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда мактаб-интернат тарбияланувчилари калтакланди. Ҳолатни Сенат ва вилоят ҳокимлиги назоратга олди

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган мактаб-интернатда тарбияланаётган болалар калтакланган. Бу ҳолат Сенат ва вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинган.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Оқдарё туманида жойлашган 63-сонли ихтисослашган мактаб-интернатда тарбияланаётган болалар калтаклангани тасвирланган фотосуратлар тарқалган. Шундан сўнг ҳолат Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган.

«Шу кунларда Интернет ижтимоий тармоқларида Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 63-сонли ихтисослашган мактаб-интернатдаги аянчли ҳолат кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унда мактаб тарбияланувчиларининг йиртиқ-ямоқ кийимдалиги, айрим болаларнинг кўз ва юз қисмлари кўкарган ҳолатдалиги фотолавҳалари кўрсатилган.

Мазкур ҳолат Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган», дейилади Сенат муносабатида.

Шунингдек, мазкур мактаб-интернатда болаларнинг калтакланиши Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам назоратга олинган. 25 май куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мактаб-интернатга бориб ҳодисани ўрганган.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Эркинжон Турдимов мактаб-интернатда болаларга яратилган шароитлар бўйича мутасаддиларга ўз эътирозларини билдирган. Шунингдек, вилоят халқ таълими мутасаддиларига зудлик билан мазкур мактаб-интернатда таълим олаётганларнинг яшаши ва ўқиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида қатор топшириқ ва кўрсатмалар берган.

Ўрганиш якунида муассаса директори, унинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ҳамда қатор тарбиячи ва техник ходимларнинг фаолияти қониқарсиз деб баҳоланган. Вилоят халқ таълими бошқармаси, туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими томонидан муассасадаги ҳар бир ҳолатга баҳо берилиши маълум қилинган.

Ушбу муассасани обод масканга айлантириш, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш борасида берилган топшириқлар ижроси ҳамда мутасаддиларнинг ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлари юзасидан ҳисоботи бир ҳафтадан сўнг вилоят ҳокимлигида муҳокама этилиши белгиланган.

Қайд этилишича, мазкур мактаб-интернатдаги ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари бошланган. Фаолияти давомида масъулиятсизликка йўл қўйган масъуллар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Мактаб-интернатда болаларнинг калтакланиши ҳодисаси бўйича ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид