Жаҳон | 11:14 / 30.05.2021
11946
2 дақиқада ўқилади

Болгарияда америкалик ҳарбийлар машғулотлар вақтида ишлаб чиқариш цехига бостириб кирди

Болгария мудофаа вазирлиги мамлакатда ўтаётган ҳарбий машғулотлар вақтида америкалик ҳарбийлар Пловдив районидаги ишлаб чиқариш цехига янглиш тарзда бостириб киргани юзасидан тергов бошлади.

Воқеа 11 май куни юз берган ва бу ҳақда эндигина маълум бўлди. Таъкидланишича, 7 америкалик ҳарбий цехга бостириб кириб, у ерни кўздан кечириб чиққан ва ишчиларга қурол билан таҳдид қилган. Ушбу ҳолат цехдаги кузатув камералари томонидан қайд қилинган.

Сўнгра ҳарбийлар янглишганларини англаб, воқеа жойини тарк этишган. Цех эгаларининг айтишича, аскарлар америкалик бўлган, чунки бир-бирлари билан инглиз тилида гаплашган.

Маълумотларга кўра, цех Пловдивдаги аэродром яқинида жойлашган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳудудда кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтмоқда.

Цех эгалари ушбу ҳолат юзасидан ҳарбий полицияга мурожаат қилишган, бироқ ҳанузгача бирорта жавоб олишмаган. Мудофаа вазирлиги эса 28 май ҳолатига кўра, бирорта ташкилот ушбу воқеа юзасидан шикоят олмагани ва текширув тугамагунча изоҳ бера олмаслигини айтган.

АҚШнинг Болгариядаги элчихонаси эса бу ҳодиса ҳақидаги маълумотни 29 май куни олганини маълум қилган.

«Биз ушбу ҳодисага америкалик ҳарбийлар алоқадорлигини тергов қилмоқдамиз ва тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қиламиз», деб айтилган элчихонада.

Апрел охирида Болгарияда 11та давлат, жумладан, АҚШ ҳарбийлари иштирокида 1 майдан 20 июнгача машғулотлар ўтиши маълум қилинганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид