17:53 / 04.06.2021
7808

Давлат гранти асосидаги қабул учун эҳтиёжманд оилаларда яшовчи хотин-қизларни аниқлаш мезонлари тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган қизлар, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва бошқа тоифадаги хотин-қизлар Республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида тавсияномага эга бўлиш учун танловда иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 338-сонли қарорига асосан, Республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида олий маълумот олиш истагида бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг танловда иштирок этиши учун тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида берилади:

  • кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
  • турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
  • икки ва ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
  • ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.
Top