Қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланган.

Белгиланишича:

  • умумий ўрта таълим муассасаси директори, унинг ўринбосарлари, педагог ходимлар фаолиятига баҳо бериш белгиланган тартибда тасдиқланган таълим муассасалари рейтингини аниқлаш мезонлари асосида ҳисобланган натижаларга мувофиқ амалга оширилади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо беришда рейтинг натижалари инобатга олинади.
  • академик лицейлар фаолиятининг самарадорлиги бўйича мониторинг юритилади, рейтинг кўрсаткичи паст бўлганларига нисбатан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан чора-тадбирлар белгиланади ва амалга оширилади.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳар йили 1 сентябрга қадар:

  • Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда туманлар (шаҳарлар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда академик лицейлар рейтингини эълон қилади.

Мазкур қарор билан мактаблар рейтингини аниқлаш тартибига бир қатор янгиликлар киритилган.

Низом билан умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш мезонлари ва ҳисоблаш методикаси тасдиқланди.

Унга кўра, мактаблар рейтингини аниқлашда:

  • 11-синф битирувчилари томонидан олий таълим муассасаларига киришда тўплаган баллари;
  • ОТМга ўқишга кирганлар салмоғи;
  • ўқувчиларнинг билим даражаси;
  • педагогларнинг сифати (салоҳияти);
  • ўқувчи ва ўқитувчиларнинг чет тилларини билиш даражаси;
  • ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида ўтказиладиган ижтимоий сўровнома натижаси;
  • таълим муассасасида маънавий-маърифий ва ўқув тарбиявий муҳит (Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган беш ташаббус доирасида қилинган ишлар асосида) каби кўрсаткичлар инобатга олинади.

Шунингдек, академик лицейлар рейтингини аниқлашнинг янги мезонлари ва ҳисоблаш методикаси тасдиқланди.