Ўзбекистон | 15:35 / 08.06.2021
20945
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда «мурдаси топилган» шахснинг ўзи бошқа бировни ўлдириб, ёқиб юборгани маълум бўлди

Бундан бир неча куни олдин Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида танаси 100 фоиз куйиб кетган жасад топилгани ва унинг шахсига аниқлик киритилгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур қотиллик жинояти юзасидан янги тафсилотлар маълум бўлган. Унга кўра мурда бошқа одамники бўлиб, қотилликни «ўлдирилган» шахснинг ўзи амалга оширган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Мирзаобод туманидаги даладан қотиллик аломатлари бўлган, ёниб кетган номаълум шахс мурдаси билан бирга Cobalt машинаси ҳам топилган. Номаълум мурда мазкур автомобилни ижара шартномаси асосида ҳайдаб юрган фуқаро Файзулло П. эканлиги тахмин қилинган. Бироқ жиноят жойи кўздан кечирилганда ўша ердаy топилган ароқ шишаси идишидан бошқа бир шахс — фуқаро Сергей С.нинг бармоқ излари аниқланган.

Шундан сўнг Сергей С.нинг онаси ва укаси сўроқ қилинган. Яқинлари томондан марҳумнинг доимий иш жойи йўқлиги, қурилиш ишларида ёлланма ишчи бўлиб ишлаб юриши, муқаддам ўғирлик билан судлангани, мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиши, воқеа содир бўлган куни уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмагани баён этилган.

Олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида марҳум деб тахмин қилинган Файзулло П. аслида тирик бўлиб, Оҳангарон шаҳрида яшириниб юрганлиги аниқланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида Файзулло П. ушланган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Файзулло П. ўз айбига иқрор бўлган. У ўз кўрсатмасида Cobalt машинаси билан Тошкентда киракашлик қилиб юрганида айрим фуқаролардан 4,1 минг АҚШ долларини алдаб олиб қарз бўлиб қолганини билдирган. Кейин, қарзларни қайтаришнинг имкони бўлмагани сабабли нотаниш шахсни ўлдириб, ўзини ўлдига чиқариш режасини тузганини маълум қилган.

Яъни Файзулло.П. 2021 йил 28 май куни Учтепа тумани, 20-мавзесида баклашка териб юрган, ўзига нотаниш шахс - Сергей С.ни кўриб, унга иш таклиф қилган. Сўнг, уни ўз бошқарувидаги Cobalt машинасига ўтқазиб, дўкондан олинган ароқни ичирган ва Сирдарё вилояти ҳудудидаги овлоқ жойга олиб келиб, ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.

Таъкидланишича, ҳозирда гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Мавзуга оид