Бир ёқда жамиятда бюрократизм ва ҳужжатбозликка қарши курашилаётган пайтда баъзи жойларда баъзи идоралар ходимлари нафақат бу икки иллат, балки мумтоз асарлар қаҳрамонларинида доғда қолдирувчи ҳийлакорликлар бўйича «мастер-класс» ўтишяпти. Бу ерда энг эътиборлиси – мазкур ходимларнинг ҳар қандай мантиқий ҳадларни киприк қоқмай бузиб ўтиши!

Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани солиқ инспекцияси томонидан шу кунларда фермерларга юборилган хабарномалар бунга бир мисол бўла олади. Тумандаги юзлаб фермерларга қўшимча солиқларни тўлаш зарурлиги тўғрисида деярли бир хил (ҳужжатларнинг тузилиши бўйича) «бахт хатлари» юборилиб, катта миқдорда қўшимча ҳисобланган солиқларни тўлаш талаб этилган.

Мана шундай хабарномалардан биттаси:

Бу эса «самарасиз» деб топилган ва «қўшимча солиқ»қа тортилаётган хўжаликларнинг кичик бир қисми:

Kun.uz Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази (CED) директори Юлий Юсуповнинг ушбу ҳолатга нисбатан фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Мутахассис Янгийўлда рўй бераётган ҳолат олдида нур ва зулматни мавҳумлик ҳолатида тасвирлай олган буюк адиб Франс Кафканинг мантиғи ҳам ожиз қолиши ҳақида гапирди...

Нормативлар, хусусий тадбиркорлик тамойиллари ва илмий-техник тараққиёт стандартлари ҳақида

92 гектар ер майдонига эга бўлган бир фермерга юборилган хабарномада қайд этилишича, хўжаликнинг ушбу тури ва ҳажмида 104 нафар ишчи ёлланиши керак экан. Шунингдек, суғориладиган ер майдони учун сувни истеъмол қилиш меъёрлари мавжуд: 92 гектар майдон учун 822,1 куб / м.

Кўриниб турибдики, юқоридаги ҳужжатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини ишлаб чиқаришда корхоналар томонидан сарфланадиган тахминий ўртача харажатлар миқдори кўрсатилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу стандартлар мажбурий эмас ва мажбурий бўлиши мумкин ҳам эмас. Булар, асосан, ишлаб чиқариш жараёнини режалаштиришда фойдали бўлган маслаҳатларгина, холос. Масалан, агар гуруч ёки помидор етиштирмоқчи бўлсангиз, бу каби қўлланмалар сизга қанча ишчи ёллашингиз, ўғитлар миқдори, ер майдони, сув сарфи ва ҳоказоларни тўғри ҳисоблашда ёрдам беради. Аммо сиз ушбу ресурслардан фойдаланишга мажбурсиз дегани эмас.