Kun.uz «Иқтисодий хабарлар таҳлили» рукнининг навбатдаги сонида молиячи Отабек Бакиров билан ер муносабатлари ва мулкчилиги, бу борадаги ўзгаришларни қандай тартибда ўтказиш лозимлиги ҳақида суҳбатлашди.

— Ер муносабатларини тартибга солиш борасида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Фикрингизча, бу қандай тартибда амалга оширилиши керак?

Ер муносабатлари 100 йиллар давомида бизда ижтимоий кайфиятни, одамларнинг ҳаётга нисбатан муносабатини кескин ўзгартирадиган масалалардан бири бўлиб келган. Шунинг учун, эътибор берсангиз ер масаласи туфайли тузумлар, ечимлар турлича бўлгани сабабли давлатлар ўзгарган. Шу сабаб бу масалада жуда ҳам эҳтиёткорлик ва нозиклик билан муносабатда бўлиш керак деб ҳисоблайман.

Иккинчидан, бу масалада биз ижтимоий шартнома, яъни давлат ва жамият ўртасидаги қонун асосида иш кўрсак, бу муносабатлар самимийроқ ва тўғрироқ бўлади. Бу қайсидир тарафнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади. Ер борасида кутилаётган ўзгаришларни ижтимоий шартнома ва қонун доирасидаги қабул қилинган ҳолатда бошлашимиз керак бўлади. Бу энг асосий билдирадиган фикрим ва бу ўзгаришларни қонун даражасидаги меъёрий ҳужжат асосида белгилаб олишимиз керак ва бу қонун кенг муҳокамалар асосида қабул қилиниши даркор.

Чунки бизнинг асрлар давомидаги ҳаёт тарзимиз ва ўзаро ижтимоий муносабатларимизни ҳам ер масалалари белгилаб келган. Баъзи бир давлатлар ер масалалари юзасидан шошма-шошарлик билан қарор қабул қилиши натижасида кўп муаммоларга дуч келди. Эътибор берсангиз қўшнимиз Қозоғистонда ер билан боғлиқ қонунчиликда дастлаб ерни хусусийлаштиришда хорижий давлат фуқаролари ёки резидентлари иштирок этиши мумкинлиги билан боғлиқ ҳолат кузатилгани жуда кўп ижтимоий норозиликларни келтириб чиқарди ва охир-оқибатда орадан 1-1,5 йил вақт ўтгандан кейин улар қонунчиликдан бу нормаларни олиб ташлашга мажбур бўлишди.

— Ер муносабатларини тартибга солишда нималарга эътибор қаратиш керак деб ҳисоблайсиз?

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, билвосита ҳам, бевосита ҳам хориж фуқаролари Ўзбекистондаги ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнида иштирок эта олмаслиги лозим. Бу жуда кўп давлатлар учун асосий принцип. Давлатнинг субъективлиги, суверенитети, маҳаллий аҳолига ҳурмат, асрлар давомида шу заминда яшаб келаётган аҳоли кайфиятидан келиб чиқиб шундай қилинади.