Kun.uz Фискал таҳлиллар институти томонидан илгари сурилган пенсия тизими, ижтимоий солиқ ва бошқа иқтисодий ислоҳотларга оид таклифлар юзасидан иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбатлашди.  

Бакировга кўра, бугунги кунда пенсияларни ошириш “қолдиқ принсипи” асосида ҳал қилинмоқда. Яъни, бюджет имкониятлари ҳисоблангачгина пенсияларни қанча ошириш мумкинлиги белгиланади. 

“2026 йилда тарифлар ўртача 10 фоизга оширилиши эълон қилинди. Пенсиялар эса 7 фоизга оширилди. Рақамларнинг ўзи вазиятни кўрсатиб турибди. Агар пенсия тизимининг мувозанатини тикламасак, тарифлар юқори суръатларда ўсишда давом этади, пенсия ва ижтимоий нафақаларни ошириш эса иккинчи даражали масалага айланиб қолади”, — деди у. 

Иқтисодчи бунга мисол сифатида Қирғизистондаги вазиятни келтирди. Унинг айтишича, қўшни давлатда 2026 йил 1 октябрдан пенсиялар 20 фоизга индексация қилинади. Шу пайтгача Қирғизистонда ўртача ва минимал пенсиялар Ўзбекистондагидан паст бўлган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич ортда қолдирилиши мумкин. 

“Улар пенсия тизимининг суғурта қисмини барқарорлаштириб олди. Биз эса керакли қарорларни вақтида қабул қилмаяпмиз. Агар ҳозирги ҳолат давом этса, пенсионерлар сонининг ортиши, буджет имкониятлари ва иқтисодий ўсиш суръатларини ҳисобга олганда, икки-уч йил ичида пенсияларни ҳатто инфляция даражасида ҳам индексация қилиш қийинлашиши мумкин”, — дейди Бакиров. 

“Пенсия жамғармаси даромади билан харажатлари ўртасидаги тафовут 2 миллиард долларга етган”

Бакиров пенсия тизимидаги асосий муаммо Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатлари ўртасидаги тафовут йил сайин ортиб бораётганида эканини айтди. 

“Пенсия жамғармаси даромадлари билан харажатлари орасидаги фарқ қарийб 2 миллиард долларга етган. Бу маблағ бюджет трансфертлари ҳисобидан қопланмоқда. Лекин бундай амалиётни доимий давом эттириб бўлмайди. Жамғарма ўз даромадлари ҳисобидан ўз харажатларини қоплай оладиган тизимга айланиши керак”, — деди у. 

Унинг фикрича, бунга эришишнинг икки йўли бор: ижтимоий солиқ ставкасини ошириш ёки солиқ базасини кенгайтириш. Бакиров иккинчи йўл танланганини ижобий баҳолади. 

“Энг осон йўли — ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 15 фоизга ошириш. Лекин бу иқтисодиёт учун фойда бермайди, аксинча, солиқ тўловчилар сонини камайтиради ва яна янги имтиёзлар талаб қилинишига олиб келади. Шунинг учун ставкани эмас, базани кенгайтириш йўли танлангани тўғри қарор”, — деди иқтисодчи.