Тегишли битим Тожикистоннинг «Алюминсўхтмон» ОАЖ ва «Автосаноат Инвест» МЧЖ ўртасида имзоланди. 

Ушбу лойиҳа Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабирнинг 2021 йил 21 апрелда Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади, деб хабар берилди «Ўзавтосаноат» сайтида. 

Лойиҳани амалга ошириш учун 2021 йил 5-7 май кунлари «Ўзавтосаноат» АЖ ишчи гуруҳи Тожикистонга ташриф буюриб, шерик «Алюминсўхтмон» компаниясининг ишлаб чиқариш қувватларини ўрганиб чиқди ва қўшма корхона яратиш бўйича музокаралар олиб борди. 

Дастлабки босқичда лойиҳанинг ишлаб чиқариш қуввати 10 000та автомобилни ташкил этади, келгусида 35 000 донага етказиш режалаштирилган. 

2019 йил март ойида мамлакатлар битта қўшма автомобиль лойиҳасини - «ТАЛКО-КРАНТАС махсус техника заводи»ни ишга туширди. Бу Тожикистонда юк машиналари ва махсус техника ишлаб чиқарадиган биринчи корхона ҳисобланади.