Каналнинг очиқ манбаларга асосланган таҳлилига кўра, шаҳарга реактив дронлар билан ҳужум қилинган. Комбинат атрофидаги ёнғиннинг келиб чиқишига маҳаллий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаши ҳам сабаб бўлгани айтилмоқда.
Exilenova+ гувоҳлар олган фото ва видеоларни эълон қилган. Канал уларда «Панцирь» мажмуасининг зенит қуроллари нишонларга қарата ўт очгани акс этганини билдирган. Бироқ бу талқин ва ҳужум оқибатлари ҳақида мустақил тасдиқ келтирилмаган.
Шунингдек, канал Липецкдаги ҳарбий аэродром ҳудудида зарбалар ва ёнғин ҳақида дастлабки маълумот борлигини қайд этган. Зарар кўлами очиқланмаган.
Тула вилоятидаги «Азот» заводи ҳақида ҳам хабар берилган
Кейинроқ Exilenova+ маҳаллий аҳолига таяниб, Тула вилоятининг Новомосковск шаҳридаги «Азот» кимё заводига ҳужум қилингани ва ёнғин чиққанини маълум қилган. Ҳодиса тафсилотлари келтирилмаган.
Украина Ташқи разведка хизмати маълумотига кўра, ушбу корхона Нижний Новгород вилоятининг Дзержинск шаҳридаги портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи Свердлов номидаги заводга азот кислотаси етказиб беради.
DW хабари эълон қилинган пайтда Украина Бош штаби, мамлакат Мудофаа вазирлиги ва Россия расмийлари бу ҳужумларга изоҳ бермаган.
Бир неча кун аввал «Энергия» заводига ҳам зарба берилган эди
25 октябрда Липецк вилоятининг Елец шаҳридаги саноат корхонасига ҳужум қилинган. Вилоят губернатори Игор Артамонов ўшанда корхона номи ва зарар кўламини очиқламаган.
Astra нашрининг очиқ манбалар таҳлилига кўра, нишон «Энергия» заводи бўлган. Корхона дронлар, ракета мажмуалари ва бошқа қуроллар учун электр таъминоти элементларини ишлаб чиқаради.
Exilenova+ заводга бир нечта Storm Shadow ракетаси билан зарба берилгани, камида иккита корпусга ракета теккани ва ишлаб чиқариш биноларидан бири жиддий вайрон бўлганини даъво қилган.
26 октябрда Украина Бош штаби корхонага зарба берилгани ва зарар етказилганини тасдиқлаган, аммо қўлланган қурол турини маълум қилмаган.

















