Туркия ва хориж матбуотида ҳамон қизғин муҳокама қилинаётган турк мафиози Седат Пекер илк марта аниқ бир исмни тилга олган ҳолда, АKP (Адолат ва тараққиёт партияси) Марказий қарор кенгаши (MKYK) аъзоси Метин Кулункка «сумка-сумка» пул берганлигини иддао қилди.

Метин Кулунк ким?

Ризенинг Гунейсу шаҳрида туғилган Кулунк Юлдуз техника университети битирувчиси ҳисобланади. У сиёсатга киришдан олдин хусусий секторда фаолият олиб борган, Истанбул Тўқимачилик ва кийим-кечак экспортчилар уюшмалари қўмиталарида хизмат қилган.

1995-2000 йилларда у Истанбул саноат палатаси тайёр кийимлар қўмитаси аъзоси, миллий турк ўрта таълим талабалар уюшмаси ва «Миллий нажот» партияси вилоят ёшлар кенгаши аъзоси сифатида ишлайди.

АKP ташкил этилгандан кейин у ўз сиёсий фаолиятини ушбу партияда давом эттиради. Дастлаб у АKP вилоят ижроия кенгаши аъзоси, кейинроқ вилоят ташкилоти раиси сифатида ишлайди. 2011 йилги сайловларда парламент таркибига киради ва уч марта – 24, 25 ва 26-муддатларда Истанбул депутати бўлади.

Вилоят раҳбарлиги ўрнига MKYK’га аъзолик

Кулунк 2018 йилги сайловларда депутатликка номзод сифатида кўрсатилмайди.

2019 йилги маҳаллий сайловлардан сўнг, унинг ҳам номзоди Истанбул вилояти ҳокимлиги учун ҳам кўрсатилган эди. Бироқ Ражаб Тоййиб Эрдўған вилоят раҳбарлиги учун Усмон Нури Кабактепени танлайди. Бунинг ўрнига Эрдўған Кулункни партия раҳбариятига олади ва у 24 мартда АKP’нинг 7-конгрессида MKYK аъзосига айланади.

У Гулен билан суратга тушганлар кечирим сўраши кераклигини айтган

 

2016 йил 15 июлдаги тўнтарув ташаббусидан сўнг, Кулунк Фатҳуллоҳ Гулен ташкилотига қарши кескин чиқишлари билан омма эътиборини тортади.

Ҳарбий давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, у Гулен ташкилотига қарши олиб борилган терговлар бўйича «суд тизимига ва полицияга босим ўтказган вилоятлар рўйхати»ни эълон қилади ва уларнинг бошида Орду вилояти турганини даъво қилади. Ордуда ҳар қадамда Mobese (Мобил электрон тизим интеграцияси) – кузатув тизими борлигини айтган Кулунк «хавфсизлик дастурлари орқали ФЕТО’га дастурий таъминот орқали маълумотлар узатилгани» ҳақидаги даъвони илгари суради.