Айни пайтда ҳукмрон партия ичида «улкан инқироз» сифатида ифода этилаётган ушбу масаланинг бошланғич нуқтаси ва у қаергача бориши мумкинлиги борасида турлича фикрлар янграмоқда.

Хўш, Пекернинг видеолари эълон қилинган пайтдан бошлаб айни кунга қадар нималар содир бўлди?

Седат Пекер ким?

1990-йиллардан бери «мафия операциялари»нинг энг муҳим номларидан бири бўлган Седат Пекер муқаддам уюшган жиноятчилик ташкилоти етакчиси сифатида судланган ва 2014 йилда қамоқдан чиққан.

У 1997 йил Ризеда контрабандачи эканлиги айтилган Абдулла Тўпчини ўлдиришда айбланади ва судда оқланади. Бироқ у билан бирга судланган икки киши Тўпчини ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Шундан сўнг Пекер Руминияга қочиб кетади, аммо ушбу барча айбловлар бўйича очилган тергов натижасида у 1998 йилнинг августида Туркияга келтирилади. Кўплаб жиноятлар учун унга қарши ўтказилган суд жараёнларидан сўнг 1999 йил май ойида озод қилинади. Ушбу давр мобайнида у саккиз ой қамоқда бўлади.

Пекер 2000-йиллар бошларида уюшган жиноятчилик ташкилотларига қарши олиб борилган кенг кўламли операциялар натижасида 2005 йил 12 мартда Истанбулнинг Контрабанда ва уюшган жиноятчилик бўлими томонидан олиб борилган «Капалак» операциясида ҳибсга олинади.

Суд иши 2007 йил 31 январда якунланиб, Пекер 14 йил 5 ой 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. «Қуролли террористик ташкилот тузиш»да айбланган яна бир ишда Пекер бир йил-у уч ойлик қамоқ жазосига, Эргенекон иши бўйича 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

2014 йил 10 мартда махсус ваколатли судлар ёпилиб, қамоқда сақлаш муддати 10 йилдан 5 йилгача қисқартирилгандан сўнг, Эргенекон иши бўйича судланувчиларни озод қилиш тўғрисидаги буйруқлар жиноий ишлар бўйича юқори судлар томонидан бирин-кетин бекор қилинади.

Бу доирада Шарқий Перинчек, Камол Керинчсиз ва Тунжай Ўзкан каби исмлар билан бир қаторда, гарчи унга ҳар хил жиноятларда ҳукм чиқарилган бўлса-да, Пекер ҳам озод қилинади.

2015 йил 1 ноябрдаги умумий сайловлар олдидан Пекер октябрь ойида Ризе шаҳрида «Терроризмга лаънат» шиори остида йиғилган одамлар қаршисида нутқ қилади. Унинг «дарё-дарё қон тўкамиз» деган гапи реакцияларга сабаб бўлади.

2016 йил бошида комендантлик соати ва зўравонликни тугатиш учун «Биз бу жиноятнинг иштирокчиси бўлмаймиз» деган баёнот билан чиққан Тинчлик академикларига Пекер «Дарё-дарё қонингизни тўкамиз ва қонингизда душ қабул қиламиз» деган гаплар билан таҳдид қилади.