Ўзбекистон | 12:28 / 15.06.2021
4288
2 дақиқада ўқилади

Ички бозорга мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқилади

Тошкент шаҳридаги иккита бозорда тажриба тариқасида кунига қанча миқдор ва нархда мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари олиб келиниши ҳақидаги маълумотлар жамланган дастурий таъминот ишлаб чиқилади.

Бир ой муддатда пойтахтдаги «Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» ҳамда «Эски Жува деҳқон бозори» ҳудудига кунлик кириб келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг энг қуйи ва энг юқори нархи ва қайси ҳудуддан олиб келинганини ўз ичига олган дастурий таъминот ишлаб чиқилади.

Бу ҳақда бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт вазири Жамшид Қўчқоров раислигида фермер хўжаликлари, экспортёрлар ва деҳқон бозорлари раҳбарлари билан ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинди.

Ички истеъмол бозорига мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотларини узлуксиз етказиб беришга оид мулоқотда ишлаб чиқилган дастурий таъминот орқали бозор ҳудудига кунлик келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг нархи тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида доимий эълон қилиб борилиши белгиланди.

Шунингдек, мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари нархлари кўтарилиши ва унга таъсир этган омиллар ҳақида Давлат статистика қўмитасида доимий брифинг ўтказиб борилиши йўлга қўйилади.

Қайд этилишича, бугунги кунда ички ва ташқи бозорни мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлашдаги асосий муаммо – ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида онлайн маълумот алмашуви йўқ. Шу билан бирга, ички истеъмол бозорида талаб ва таклиф ўртасида мувозанатни сақлаш, маҳсулот етиштирувчи ва харидорларни улгуржи бозорларда кунлик шаклланаётган нархлар билан доимий хабардор қилиб бориш бўйича янгича тизим яратиш ва амалиётга жорий этиш зарур. 

Мавзуга оид

Эълонлар