Жаҳон | 12:24 / 17.06.2021
14591
2 дақиқада ўқилади

Агар Навальний қамоқда ўлиб қолса, оқибатлари Россия учун ҳалокатли бўлади — Байден

АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан урчрашувдан кейин матбуот анжуманида қатнашиб, саволларга жавоб берди.

Байден ОАВ вакиллари билан учрашувда Путинга қараганда камроқ вақт ўтказди ва шу туфайли кетаётиб ҳам саволларга жавоб беришга мажбур бўлди. Байден Путин билан учрашувда ҳеч ким овозини кўтармагани ва позитив кайфиятда гаплашилганини айтди.

«Инсон ҳуқуқлари таъминланмаса, мен ўз халқим ишончини оқлай олмаган бўламан, дедим Путинга. Унга таъминлаш керак бўлган нормаларнинг оддий қоидалари борлигини эслатдим», деди Байден.

У Россия президентига АҚШдаги киберҳужумга учраши мумкин бўлмаган 16та ташкилот рўйхатини тақдим этган.

Учрашувда Навальний мавзуси ҳам кўтарилган. «У қамоқда ўлиб қолса, оқибати Россия учун жуда ёмон бўлишини эслатдим», деди АҚШ президенти.

Байденга кўра, Путин совуқ уруш бошланишини эмас, Россия иқтисодиёти ўсишини хоҳламоқда.

Байденнинг фикрича, АҚШ Россияни ўраб олиш пайига тушмаган. «Путин ҳамон Россияни ўраб олишга уринишмоқда деб ўйлайди. Аммо бу ўзаро муносабатларимиздаги асосий омил бўлмаслиги керак», дейди Байден.

Шунингдек, Байдендан «Путинга ишонасизми?» деб сўрашди. АҚШ етакчиси эса бу Россиянинг ўзини тутишига боғлиқлиги, «гап ишончда эмас, ўзаро манфаатларда» эканини айтди.

АҚШ Россияга Афғонистон, Сурия, Эрон ва Ливиядаги масалаларда ёрдам бериши қайд этиб ўтилган. АҚШ етакчиси ўзаро суҳбатда Украина, Беларусь ва матбуот эркинлиги масаласида ҳам гаплашишганини маълум қилди.

Женевада ўтган учрашув 4 соатдан ортиқ давом этди ва президентлар яккама-якка учрашув ўтказишмади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид