Хатирчи туманидаги Олтинсой қишлоғи тоғлар орасида жойлашган, бир неча маҳалладан иборат. Ҳудуд аҳолиси асосан чорвачилик ва узумчилик билан шуғулланади. Чамаси 15 йиллар олдин қишлоқ эркаклари ҳамда ёш йигитлар ёппасига атрофдаги тоғлардан қўлбола усулда олтин қазиб олишга киришиб кетишган. Олтин васвасаси ҳамон давом этмоқда. Энг даҳшати шундаки, бу ўтган муддатда кўплаб инсонлар турли сабаблар билан тоғда вафот этишган. Кимнидир тош босиб қолган, бошқаси қоядан қулаб тушган ва ҳоказо.

2021 йилнинг 12 июнь куни бўлган воқеа эса барча олтинсойликларнинг қалбини ларзага келтирди.

Қишлоқ аҳлининг маълум қилишича, ўша куни тунда (тиллачиларнинг аксарияти тун пайтида ишлар экан —таҳр.) бир гуруҳ йигитлар олтин қазиб олиш учун тоғ тепасидаги ташландиқ конга боришган. Таркибида олтин бўлган тошни ажратиб олишда электр токида ишлайдиган ускуналар зарур. Шу сабабли икки йигит кон ичида бензин билан ишловчи движокдан фойдаланишган. Афсуски, ёнилғи ёқилиши натижасида движокдан ажралиб чиққан газдан нафас олган йигитлар вафот этишган. Уларни қутқариш учун конга кирган яна икки йигит ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган.

Қишлоқ оқсоқоллари атрофдаги тоғларда 9та ташландиқ кон борлигини ва уларнинг барчаси давлат томонидан фойдаланишда бўлмаса ҳам оғзи очиқ ҳолда қолдирилганидан норози бўлмоқда. Уларнинг таъкидлашича, тегишли масъуллар бу масалага эътиборсизлик билан қараяпти.

Жумладан, 83 ёшли Намоз Йўлдошев шундай дейди:

— Қишлоғимиз аҳолиси кўп йиллардан буён ишсиз. Ҳудудда яшовчи ёшларнинг 50-60 фоизи доимий иш ўрнига эга эмас, хотин-қизлар тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Лекин одамлар кун кўриши керак, яшаши керак, бола-чақаси бор. Шунинг учун тоғга чиқиб, конга боришга мажбур бўлишади. У ерга бориб кўрсангиз — дўзах дейсиз, тоғнинг таги илма-тешик бўлиб кетган. Афсуски, бу фаолият кўплаб нохушликларга сабаб бўлмоқда. Мана, яқинда ҳалок бўлган йигитларнинг ҳам иккиси ҳали уйланмаганди, иккисининг эса учтадан фарзанди бор.