«Ҳозирда Ўзбекистонда ҳар тарафлама ислоҳотлар олиб борилаётган бир даврда, Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳам ислоҳотлар ўтказилмоқда. Кўраяпсизлар, биз ҳам давлатимиз сиёсатига содиқ қолган ҳолда футболимизда ҳам очиқлик сиёсатини олиб боряпмиз, масалаларни очиқ муҳокама қилиш йўлига ўтяпмиз. Шу жиҳатдан ЎФА устави ФИФА ва ОФК талабларига кўра қайтадан ишлаб чиқилди, бугун ушбу уставни муҳокама қиламиз. Кейинги масала сентябрь ойида ўтадиган ЎФА сайловлари тартибини биргаликда кўриб чиқамиз.
Шу кунларда миллий жамоамизнинг мағлубияти мухлисларни жуда ҳам ранжитди. Ушбу мавзу юзасидан ЎФАда бугунги йиғилишдан кейин мураббийлар ҳисобот беришади ва миллий жамоа фаолиятига баҳо берамиз. Албатта, бу мағлубият сабаблари бир кунда юзага келмаган, бу чуқур ўрганилади. Болалар футболидан тортиб барча футбол тизимимизни қайта кўриб чиқишимиз лозимлигини тўлиқ тушуниб етдик ва буни тан олишимиз керак. Футболда ишлаётган барча ўз ишига бўлган ёндашувни ўзгартириши керак. Орқага йўл йўқ. Футболимизни янги босқичга олиб чиқиш учун ҳам қандай чоралар кўришимиз кераклигини ҳам гаплашиб оламиз», - дейди ЎФА президенти Абдусалом Абдумавлонович.
Конгресснинг иккинчи қисмида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ва ЎФА терма жамоалар бошлиғи Азиз Ҳайдаров ҳисобот беришди.











