Нодира Тошкент шаҳридаги Муҳаммад Aл-Хоразмий номидаги ахборот коммуникация ва технологияларга ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синфини тамомлади.

У кўплаб халқаро олимпиадалар ғолибаси бўлиш билан бирга, Халқаро фахрли ёшлар жамияти (International Juniors Honor Society) ҳамда БМТнинг Халқаро болалар фондида Ўзбекистон Ёшлар делегацияси аъзоси ҳамдир.

«Киши математикани аниқ билсагина мантиқий фикрлаши ривожланади ва бошқа фанларни ҳам тўғри тушуна бошлайди»

— Ойим математика фанидан дарс берадилар. 6 ёшимдан бошлаб ўқишга, умуман билим олишга жуда ҳам қизиқаман ва шу ёшдан ойимдан математикани ўрганишни бошлаганман. Чунки киши математикани аниқ билсагина мантиқий фикрлаши ривожланади ва бошқа фанларни ҳам тўғри тушуна бошлайди.

4-синфдан математикани ўрганишни ва олимпиадаларга тайёрланишни бошлаганман. Халқаро олимпиадаларга 7-синфдан қатнашганман. Бу – «Формула Единства/Третье тыcячелетие» олимпиадаси бўлиб, унда 3-ўринни қўлга киритганман. 2019 йилда президент ташаббуси билан очилган Муҳаммад Aл-Хоразмий номидаги ахборот коммуникация ва технологияларга ихтисослаштирилган мактабига кирганман.

«Бошқарув лавозимидагилар ҳам математика ва мантиқдан имтиҳон топширса, бюджетни исроф қилмайди»

— Математика инсонга аниқ бир формулалар орқали мисол ечишдан ташқари, унинг ўйлаши, фикрини ҳам кенгайтиради. Ҳаётнинг ҳар бир жиҳатида мантиқни кўради ва бунда энг яхши натижаларга эриша олади.

Ўйлайманки, математика фақат математик, физик ёки аниқ фан билан шуғулланувчилар учун эмас, балки ҳар қандай касб эгаларига керак бўлади.

Инсоннинг мантиқий фикрлаши ёш даврларида ривожланади. Шунинг учун фарзандингизнинг келажакда математик бўлишини хоҳламасангиз ҳам, аниқ фан бўйича ишлашини хоҳламасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса, унга 10 ёшигача математикани ўргатиш керак. Шунда мантиқий ўйлаши яхши шаклланади ва келажакда қандай ишда ишласа ҳам, тўғри қарорга кела олади.

Ўйлайманки, юқори лавозимда ишлайдиганлар, яъни ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ёки бошқа бошқарув лавозимида ишлайдиганларни ҳам математика ва логикадан имтиҳон қилиш керак. Чунки улар шундагина келажакда тўғри мантиқий ечимларни топади, яъни бюджетни исроф қилмайди, халқ ҳам қийналмайди. Aйнан шундай тўғри фикрли, тўғри ўйлай оладиган инсонлар бошқарув лавозимларида ишлаши керак деб ўйлайман.