Жаҳон | 14:36 / 23.06.2021
66643
2 дақиқада ўқилади

Тожик-афғон чегарасидаги вазият кескин деб баҳоланмоқда. Юздан ортиқ афғонистонлик ҳарбийлар Тожикистонга қочиб ўтган

Тасдиқланган маълумотларга кўра, охирги ўн сутка давомида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош ўнта вилоятида ҳукумат қўшинлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси толибларнинг тожик-афғон чегарасидаги Қундуз вилоятида жойлашган «Шерхон-Бандар» чегара-ўтказув пунктига амалга оширган ҳужуми бўйича изоҳ берди, деб ёзади Азия-Плюс.

Ҳужум оқибатида афғон ҳарбийлари яраланган ва ўлдирилган, ҳукумат қўшинларининг 130дан ортиқ ҳарбий хизматчилари эса Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган.

Тожикистон чегара қўшинлари хабарига кўра, 21 июн куни толиблар Шерхон-Бандар чегара комиссариатига ҳужум уюштирган.

«22 июн соат 9гача давом этган қуролли тўқнашув оқибатида Афғонистон ҳукумат қўшинларининг 134 нафар ҳарбий хизматчиси «Панж» чегара отрядининг 3- ва 4-заставалари орқали Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлди», - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, тожик чегарачилари инсонийлик ва қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда афғон ҳарбийларининг Тожикистон ҳудудига тўсқинликларсиз ўтишига рухсат берган. Хабарга кўра, Афғонистон ҳукумат қўшинлари орасида 4 киши яраланган ва бир киши ҳалок бўлган.

Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тожик-афғон чегарасидаги вазиятни кескин деб баҳолаган, «Шерхон-Бандар»да яраланган, ҳалок бўлган ва асирга олинганлар сони 100га яқин.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, охирги ўн сутка давомида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош ўнта вилоятида ҳукумат қўшинлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Натижада Чахёб, Янги Қалъа, Даркад, Дашти Қала, Хўжағор, Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалаи Зол уездлари ҳамда «Шерхон-Бандар» ва «Кокул» чегара-ўтказув пунктлари толиблар қўлига ўтган.

Аввалроқ Қундуз вилоятидаги Имом Соҳиб тумани толиблар томонидан эгаллаб олингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид