Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотган дорихоналарга қарши қатъий чоралар кўрилаётгани ҳақида маълум қилди.
«Шундай дори воситалари борки, агар улар шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаётига жиддий хавф туғдиради. Хусусан, кучли таъсир қилувчи препаратларни нотўғри қўллаш туфайли ушбу фармацевтик маҳсулотларга қарам бўлиб қолиш ёки наркологик касалликларга йўлиқиш мумкин. Катта ҳаёт остонасида турган ўсмир йигит-қизлар орасида бу каби зарарли одатлар учраётгани ота-оналарни, халқимиз саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони ташвишга солиши шубҳасиз.
Ахир, уларнинг бундай хатарли йўлга қадам қўйиши яқинлари, маҳалла-кўй ва таълим даргоҳлари учун ҳам қалтис оқибатларга олиб келиши турган гап.
Афсуски, орамизда ушбу моддалар инсон саломатлигига жиддий зарар етказишини била туриб, ёшлар орасида кучли таъсир қилувчи ва сифати кафолатланмаган бу дори воситаларини сотишга уринаётган кимсалар ва дорихона эгалари борлиги ачинарлидир», дейилади ССВ хабарида.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Улуғбек Жуманиёзов таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситалари фақат рецепт асосида ижтимоий дорихоналар томонидан сотилиши белгиланганини қайд этиб ўтган.
«Маълумки, 2019 йил 6 сентябрда президентимизнинг «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Бироқ афсуски, ўрнатилган ушбу тартибга қарамай, бугунги кунда рецептсиз берилмайдиган, фақат рухсатномаси бор дорихоналардагина сотилувчи бу дорилар турли ноқонуний йўллар билан ёшларимиз қўлига бориб қолмоқда», дейди у.
Аслида кучли таъсир қилувчи дори воситалари аҳоли сони ва касалланиш даражасининг уч йиллик статистикасига қараб, экспорт қилинади. Масалан, кўз касалликлари шифохоналарида диагностика қилиш ва бошқа муолажаларда ишлатиладиган «Тропикамид» дори воситаси ижтимоий дорихоналарга қатъий белгиланган миқдорда олиб келинади ва беморларга фақатгина рецепт асосида берилади. Кўча-кўйда ва айрим дорихоналарда ноқонуний сотилаётган кучли таъсир қилувчи дори воситалари юртимизга контрабанда усулида олиб кирилади ва сотилмоқда.















