«Толибон» Америка қўшинлари мамлакатни бутунлай тарк этиши билан Афғонистоннинг йирик шаҳарларини эгаллаб олиш учун тайёргарлик кўрмоқда. АҚШ президенти Жо Байденнинг режасига кўра, америкалик ҳарбийларни олиб чиқиш жараёни 2021 йилнинг 11 сентябрида якунланиши керак.
24 июнь куни CNN телеканали толиблар йирик шаҳарлардан бири Мозори-Шариф (Афғонистоннинг шимолий вилоятларини ва мамлакатни қўшни давлатлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Тожикистон билан боғловчи транспорт тугунида жойлашган) атрофига келиб жойлашгани ҳақида хабар берди. Толиблар 2001 йилда ўша вақтда иттифоқчилар бўлган АҚШ ва Россия, шунингдек, замонавий фикрловчи ва Ғарбга мойил бўлган Шимолий альянс дала қўмондонлари иштирокида ўтказилган афғон операцияси бошида ушбу шаҳардан сиқиб чиқарилганди.
Бугунги кунда асосан мамлакат жанубидаги пуштунлардан таркиб топган «Толибон» ҳаракати шимолдаги бошқа халқлар - ўзбеклар, тожиклар, ҳазорийлар ва бошқалар истиқомат қилувчи ҳудудларга дадиллик билан юриш қилмоқда. 22 июнь куни маркази Мозори-Шариф ҳисобланадиган Балх вилояти губернатори тожикларнинг «Афғонистон ислом жамияти» партиясидаги тарафдорларини (1990-йиллар бошидан буён Шимолий альянс таркибида толибларга қарши курашиб келган) яна бир бор қўлга қурол олиб, ерларини ва халқни ҳимоя қилишга чақирди.
Аммо ҳаракат жангарилари, CNN’нинг дипломатик таҳлилчиси Ник Робертсон таърифлаганидек, худди шер ўз ўлжасини иложсиз ҳолатда қолдиргани каби Мозори-Шарифни қуршаб олган. Улар ҳукумат кучларидан ҳудудларни бирин-кетин тортиб олишмоқда: 2021 йил майидан буён, «Толибон»нинг ўзининг баёнотига кўра, уларнинг ихтиёрига 90 туман ўтган, БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайоннинг маълумотига кўра мамлакатдаги 370 тумандан камида 50таси толиблар қўлида. Унинг аниқлик киритишича, эгаллаб олинган ҳудудларнинг катта қисми йирик шаҳарлар атрофида жойлашган. «Бу шуни англатадики, толиблар хорижий кучлар мамлакатдан чиқиб кетиши билан мамлакат пойтахтига киришга тайёрланишмоқда», — дейди Лайон CNN учун берган изоҳида. 21 июнь куни жангарилар шимолий чегаралар яқинидаги Шерхон-Бандар шаҳрини эгаллашди — бу 2000 йилдан буён илк бор шаҳар толиблар назоратига ўтишидир, — энди Тожикистондан уларнинг рақибларига қарши халқаро ёрдам келадиган муҳим ўтиш йўлаги уларнинг назоратида. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, уларнинг ҳужуми оқибатида ҳукумат ҳарбийларидан 100дан ортиғи ўлдирилган ёки асирга олинган, 134 нафар ҳарбий қўшни Тожикистонга чекинишга мажбур бўлган.
Америкалик иттифоқчилар кўмагисиз қолаётган афғон ҳарбийлари шу қадар тушкунликка тушишганки, улар кўп ҳолларда толибларга жангсиз таслим бўлишмоқда. CNN ихтиёрига келиб тушган видеоёзувда афғон ҳарбийлари жангариларга бирорта ўқ узмасдан америкаликлар берган ҳарбий техникаларнинг бутун колоннасини топширишгани акс этган - масалан, «Толибон» бирорта қора бозорда олиши иложсиз бўлган Humvee зирҳли техникасини. The Wall Street Journal Афғонистоннинг кўплаб туманлари муқаррар мағлубият тан олинган ҳолда оқсоқолларнинг жангарилар билан музокаралари натижасида таслим бўлаётгани ҳақида ёзган. Рақиб томонга ўтган афғон армияси аскарларига эса толиблар маош ҳам тўламоқда - улар кўп ойлардан буён иш ҳақисиз хизмат қилиб келаётганди.
















