Айниқса, Ғарб давлатлари агар аэропортнинг хавфсизлиги таъминланмаса, уларнинг Кобулдаги дипломатик ваколатхоналарининг келажаги ҳам хавф остида қолишини айтмоқда. Австралия Афғонистондаги элчихонасини ёпишни эълон қилган илк давлатлардан бири бўлди.

Туркия эса ушбу аэропорт хавфсизлигини таъминлаш учун Афғонистонда қолишни режалаштирмоқда. Ушбу воқеалар фонида АҚШ делегацияси Туркияга ташриф буюрди, Афғонистон президенти Ашраф Ғани музокара учун Вашингтонга борди.

Толиблар Туркиянинг Афғонистонда қолишига қарши.

Хўш, «Толибон»нинг Афғонистондаги фаолияти ҳақида нима дейиш мумкин?

Ҳарбий вазият қандай?

АҚШ қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетаётган бир пайтда «Толибон» Афғонистоннинг 421 туманидан 80тасини назорат қилаётганини даъво қилмоқда. БМТнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Дебора Лайонснинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим этган маълумотларига кўра эса, Кобулдаги ҳукумат туманларнинг 50дан ортиғини қўлдан чиқарган, «Толибон» сўнгги пайтларда ҳужумларга зўр берди.

Бу ҳафта «Толибон» Тожикистон чегарасидаги жойлашган Шерхон-Бандар шаҳрини эгаллаб олди.

«Толибон» Афғонистон армияси чекинганини айтмоқда. Бу – ҳукуматнинг заиф истеҳкомларни қолдириб, кўпроқ стратегик нуқталарни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарори билан боғлиқ.

AFP ахборот агентлигининг хабар беришича, икки куч тўқнашганда афғон армияси катта йўқотишларга дуч келмоқда.

Гарчи Ашраф Ғани сўнгги кунларда штаб бошлиғи ва мудофаа вазирини алмаштирган бўлса-да, катта ўзгариш бўлмади.

«Толиблар катта шаҳарлар атрофида ўз кучларини кўпайтирмоқда, аммо бу уларнинг шаҳарларни тез орада олишга ҳаракат қилишини англатмайди. Кобулнинг қулаши яқин эмас. «Толибон» ҳарбий жиҳатдан енгиб бўлмайдиган куч эмас», деди Халқаро инқироз гуруҳи вакили Эндрю Уоткинс.

БМТнинг махсус вакили Лайонснинг таъкидлашича, толиблар ҳар бир минтақанинг марказий шаҳарлари атрофини эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда. Улар ушбу шаҳарларни чет эл кучлари чиқиб кетганидан кейин эгаллаб олишга уринишлари мумкин.