Ўзбекистон | 17:36 / 26.06.2021
4695
2 дақиқада ўқилади

Андижонда поезд вагони устига чиққан 13 ёшли болани ток урди

Андижон вилояти Избоскан туманида поезд вагони устига чиққан 13 яшар болани ток урган. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича,  24 июнь куни соат 19:27ларда Андижон вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига Пойтуғ темир йўл бекати бошлиғи тўхтаб турган вагон устига чиққан фуқарони юқори кучланишли электр токи ургани ҳақида хабар берган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, вагон устига чиққан шахс Избоскан тумани, Пойтуғ шаҳрида яшовчи, 2008 йилда туғилган, вояга етмаган Ч.Т. эканлиги аниқланган. Қайд этилишича, Ч.Т. вагон тепасига чиққанида эҳтиётсизлик қилган ва уни юқори кучланишли электр токи урган.

Шундан сўнг, унга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилиб, Пойтуғ туман тез тиббий ёрдам марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Шифокорлар Ч.Т.га 1-,2-,3-,4-даражада куйиш, бўйин, юз, икки қўл, тана оралиғи ҳамда иккала оёқнинг 80 фоиз куйиш жароҳати, ўта оғир даражадаги куйиш шоки ташхисини қўйишган. Беморнинг аҳволи оғир деб баҳоланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид