Goal.com сайти ҳар ҳафта якунлари бўйича, энг яхшилар рўйхатини янгилаб бормоқда. Қуйида энг яхши 10 футболчи ва уларнинг рейтингдаги ўринлари сабабларини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.
10. Рубен Диаш
Аввалги поғонаси: 8-ўрин
2021 йилда: 1 гол, 19та «қуруқ ўйин». АПЛ чемпионлиги, Англия кубоги.
Диаш Португалия сафида «Сити»дагидек ишончли ўйнамади. Ҳа, бу пастлашда жамоасининг мусобақадан чиқиб кетиши катта роль ўйнади. Бироқ, Рубен ҳам ўша мағлубиятдаги айбдорлардан бири эди. Марказ орқали Торган Азарнинг бу қадар кучли зарба беришига йўл қўйилганида унинг ҳам айби бор.
Шунга қарамай, Диаш жорий мавсумдаги энг яхши ҳимоячилар рўйхатини бошқариб бормоқда. Ўнликда Рубендан бошқа орқа чизиқ вакилини кўрмайсиз. Лекин португалияликка «Олтин тўп»нинг берилиши учун сабаблар етарли эмасдек.

9. Эрлинг Ҳоланд
Аввалги поғонаси: 11-ўрин
2021 йилда: 25та гол, 9та ассист. Германия кубоги ғолиби.
Ҳоланднинг ушбу ҳафта давомида қилган иши уйида ўтириш ва шахсий машғулотларини амалга оширишдан иборат бўлди. Хўш, у ҳолда қандай қилиб норвегиялик футболчи рўйхатда юқорилаши мумкин. Гап шундаки, бундан аввалги рейтингларда ундан олдинга қўйилган футболчиларда Европа чемпионатида муваффақият қозониш ва бу орқали «Олтин тўп» учун даъвогарлар қаторида юқорига кўтарилиб олиш имконияти бор эди. Улар қитъа биринчилигидан чиқиб кетган эканлар, энди мавсумни анча сермаҳсул ўтказган ва бу ҳолатда улардан кўра «Олтин тўп»га яқинроқ бўлган Эрлингга жойни бўшатишлари талаб этилади.

8. Карим Бензема
Аввалги поғонаси: 9-ўрин
2021 йилда: 22та гол, 5та ассист.
Европа чемпионатини тарк этган бўлса-да, Бензема 4та гол уриш орқали рейтингда юқорилай олди. Каримнинг миллий жамоадаги рестарти бу қадар омадли кечиши кутилмаганди. Ҳа, у топ-даражали ҳужумчи. Ҳа, у «Реал»да ҳам худди шу тахлит ўйнаётганди. Португалияга қарши ўйинда у жамоасининг иккала голига муаллифлик қилганди. Кеча эса Швейцария дарвозасига ҳам дубль йўллашга эришди. Афсуски, пенальтилар сериясида омад «банклар юрти» вакиллари томонида бўлди.























