Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ғалладан бўшаган майдонни ёқиб юборган шахсларга чора кўрилган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Қумқўрғон туман инспекцияси инспекторлари томонидан тунги рейд тадбири ўтказилган. Унда туманнинг Янгиер маҳалласида яшовчи фуқаролар А.З., Х.М. ва Э.П. томонидан «Азизбек Донаев» фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган ер майдонидаги сомон қолдиқлари ёқиб юборилгани аниқланган.

Улар ўз хатти-ҳаракатлари билан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузган ва табиатга зарар етказган.

Қайд этилишича, аниқланган ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан 735 минг сўм маъмурий жарима белгиланган.

Тошкент вилоятида қарийб 130 гектар ер майдони ёниб кетди

Қашқадарёда ғалла ўрадиган комбайн ёниб кетди