«Маълумки, бу йил мамлакатимизда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини қарийб 560 минг нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяди.
Шу боис, ёшларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Бунда, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз.
Биринчидан, ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
Дастурда, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида қанча ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, қанчасини иш билан таъминлаш, нечта стартап ва тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланиши шарт.
Бу бизнинг ёшлар билан янгича ишлаш бўйича “бандлик”, “инновация” ва “инвестиция” дастуримиз бўлиб хизмат қилади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари ҳар ҳафтада бир марта ёшлар билан учрашиб, уларнинг ғоя, таклиф ва ташаббусларини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга масъул ва жавобгар бўладилар.
Иккинчидан, бугунги кунда олий маълумот талаб қиладиган 80 мингга яқин бўш иш ўринлари мавжуд. Мисол учун, транспорт, геология, қишлоқ хўжалиги, маданият, спорт соҳаларида билим ва малакаси етарли бўла туриб, олий маълумоти йўқлиги учун, минглаб ёшларимиз ишга кира олмаяпти.
Шу боис, жорий йилда олий маълумот талаб этадиган касб ва лавозимлар қайта кўриб чиқилади ҳамда уларнинг камида 150таси бўйича бундай талаб бекор қилинади. Бундай енгиллик туфайли, 10 мингдан ортиқ ёшлар ишга жойлашади.
Учинчидан, мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
Бу борада, Андижон вилоятида жами 41 минг мактаб битирувчиларининг 25 минг нафарини касб-ҳунарга ўргатиш орқали, бандлигини таъминлаш бўйича тажриба, барча ҳудудларда кенг қўлланилиши керак.
Бундан буён, мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади.
Бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар йили 1 сентябрга қадар мактаблар кесимида 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш рўйхати ва дастурини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, тасдиқлайди.
















