Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Буни сўнгги статистик маълумотлар ҳам тасдиқламоқда. 27 июнь куни 469 кишида, 28 июнь куни 498 кишида, 29 июнь куни 487 кишида, 30 июнь куни 476 кишида, 1 июль ҳолатига кўра эса, 495 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Кунлик касалланиш ҳолатлари барқарор равишда 500 атрофида бўлиб турибди. Шу нуқтайи назардан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига асосан, Республика махсус комиссияси қарори билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилганди.

Реал вазиятдан келиб чиқиб қаралганда, бу мантиқий жиҳатдан тўғри, албатта. Тошкент шаҳрида жойлашган «Ёшлик» спорт мажмуаси яна ковид-марказ сифатида қайта очилгани эса вазият янада жиддийлигини кўрсатувчи далилдир. Куннинг исталган пайтида тез тиббий ёрдам хизматига  мурожаат қилсангиз, бўш машиналар деярли йўқлигини, уларнинг ҳаммаси коронавирусга чалинган беморларни Зангиотадаги марказга ташиш билан бандлигини таъкидлашади.

Худди шундай вазият оғирлашаётган пайтда, амалга оширилаётган баъзи ҳолатлардан мантиқ топишга соғлом инсон ақл-заковати ожизлик қилса керак. Амалга киритилган чекловлар ва ўтказилиши тўхтамаётган фестивал ва тадбирлар, жамоат транспортида карантин талабларига риоя этилмаслиги бир қанча асосли эътирозларни юзага келтиради.

Жамоат транспортидаги ҳолатлар

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 23 июнь куни йўналишли автобус ҳайдовчилари (кондукторлари) ва метро кузатувчилари ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик мажбуриятларини олган эди. Айни пайтдаги вазият шуни кўрсатмоқдаки, жамоат транспортида ижтимоий масофа сақлашнинг деярли иложи йўқ. Метрога тушаётган йўловчилар фақат назоратчи ёнидан ўтаётганидагина ниқоб тақишмоқда. Вагонга киргандан кейин уларнинг ярмидан кўпи бу талабларга умуман риоя қилишмаяпти ва бу назорат қилингани ҳам йўқ.