Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятининг Бахмал тумани “Ғаллакон” МФЙда бўлди.

Қишлоқ аҳлининг катта қисми чорвачилик билан шуғулланади. Ҳудуд асосан қир-адирликлардан иборат бўлгани учун аҳолининг ўз томорқасини девор билан ўраб олиши одатга айланмаган. Мол-ҳол очиқ ҳовлида, қирларда боғлаб қўйилади.

Наргиза Суюнова бир неча ой аввал тумандаги мол бозордан иккита ҳўкизни 13 миллион сўмга сотиб олишганини айтмоқда. У ўша ҳўкизларни ҳам ҳовлисидаги молларига қўшиб боқиб келган. 26 май куни кечга яқин молларини ҳовлисининг этагига боғлаб қўйган.

“Эрталаб туриб қарасак, икки-учта молимиз бўшалиб ўтлаб юрибди. Битта ҳўкизимиз жойида йўқ экан. Бўшалиб кетганми, деган ўйда қўни-қўшниларникини сўрадик, маҳалламизни тўлиқ айланиб чиқдик. Топилмагач, маҳалла профилактика нозирига маълум қилдик. Мана, шунча кун ўтди ҳамки, топилгани йўқ. Мол йўқолиши қишлоғимизда биринчи марта кузатилаётгани йўқ”, – дейди Суюнова.

Ҳудудда айниқса, мол-ҳоли йўқолишидан кўп азият чекаётганлар орасида Аҳмадқул Суюнов ҳам бор.

Аҳмадқул аканинг кўзи яхши кўрмайди, жисмоний имконияти ҳам чекланган. Унинг айтишича, қўрасидан бир эмас, бир неча марталаб қўй-эчкилари ўғирлаб кетилган. Ўттиздан ортиқ товуқлари ҳам кечаси катакдан олиб кетилганини айтяпти. Бу ҳолатдан зада бўлгач, кечаси қўра бошида аёли ва вояга етмаган ўғли қоровуллик қилиб чиқаётган экан.

“Ногирон ва камбағал ҳолимда молимга кўз тикадиган, худодан қўрқмайдиганлар ҳам бор экан”, – дейди Аҳмадқул ака.

Аҳмадқул аканинг айтишича, эрта баҳор иккита, май ойида яна иккита қўйини қўрадан ўғирлаб кетишган. Бу ҳолат муттасил такрорланавергач, оиланинг, аёли ва болалари тушкунликка тушиб қолганини айтмоқда. Қўли калталиги сабабли бир неча йилдан буён уйини ҳам таъмирлай олмаётганини билдирди.