ЖИБ Янгиобод туман суди судяси Тўлқин Эшонқулов иш юритувидаги фирибгарлик ва пора беришга суиқасд моддаларида айбланган шахсни оқлади. Бунга етарли асослар бор эди: жабрланувчи сохта, тадбирнинг бошида турган ИИБ ходими эса юраги хаста аёлини даволатиш мақсадида юрган эркакни ўз “ўлжаси”сига айлантирган.

Гарчи қонун йўл қўймаса-да, Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг “жиноятга ундаб, сўнгра жиноятчига айлантириш” усулидан фойдаланиш ҳолатлари афсуски, бор. Бу қандай амалга оширилади? “Опер”ларга ким ва қандай шаклда ёрдам беради? Мақолада Жиззахда кузатилган шундай ҳолат ҳақида сўз боради.

Сотувга қўйилган уй

Бахмал туманида яшовчи 40 ёшли Санжар Шодиев 2022 йилда ўзи фойдаланиб келган 4 хонали уйини 300 тупдан кўпроқ олмаси бор ери билан сотмоқчи бўлади. У сотувдан тушган пулга юрак хасталиги билан қийналиб, тобора аҳволи оғирлашиб бораётган турмуш ўртоғини даволатишни мақсад қилганди.

Сотувга қўйилган уй Бахмал тумани Нўшкент маҳалласининг Мулла булоқ қишлоғида жойлашганди. Санжар Шодиев қишлоқда кўрган-билганларига уйни сотиши ҳақида айтади. Аммо ҳа деганда харидор чиқавермайди. Шунда у Жиззах шаҳрида яшовчи қайнукасидан эълон ёзиб беришни сўрайди. Қайнука Olx платформасига 180 млн сўмга уй сотилиши ҳақида эълон жойлаштириб қўяди.

Шундан сўнг турли жойлардан харидорлар Санжар Шодиевга қўнғироқ қилиб, уй манзилини сўрайди. Аммо уйни олиш истагида бўлган харидорлар ҳам манзил узоқлигини айтиб, фикридан қайтади.

2023 йил ноябрда Санжар Шодиев ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетган. Бу орада аниқ харидор чиқмагач, у уйни сотиш фикридан қайтган. Бироқ Olx платформасидаги эълон ўзгармай қолиб кетган.

Нотаниш харидор

2025 йил 1 март куни Санжар Россиядан қайтиб келади. Орадан бир ҳафта ўтиб, қайнукаси уйни бир нотаниш харидор сотиб олмоқчи бўлаётгани ҳақида айтиб қолади. “Майли, келиб кўрсин, агар маъқул кўрса олсин, агар ёқмаса олмасин”, дейди Санжар Шодиев.

Бир неча кундан сўнг ўзини Бунёд деб таништирган харидор қўнғироқ қилиб, уйни ва ерни сотиб олмоқчи эканини айтади ва манзилини ташлаб беришни сўрайди. Санжар Шодиев унга уй локациясини жўнатади.

Шундан сўнг Бунёд нотаниш шахс билан биргаликда Санжарнинг хонадонига келади. Санжар эса уларга 4 хонали уйини ҳамда 300 тупдан кўпроқ олма дарахтини кўрсатади. Бунёд ушбу жой ёққанини айтиб, 35 минг долларга келишади ва 20 минг долларни олдиндан, қолганини ҳужжатларни расмийлаштиргач беришини айтади.