Бир пайтнинг ўзида Афғонистоннинг бир неча ҳудудида қақшатқич жанглар кетмоқда. Ҳукумат кучлари ҳам, толиблар ҳам катта йўқотишлар бермоқда. Аммо афғон армияси қурғоқчилик, иқтисодий муаммолар ва коронавирус пандемияси туфайли таъминот бўйича жиддий муаммоларга дуч келган. Аксинча, толибларнинг молиявий оқими барқарорлигича қолмоқда. Натижада улар кўплаб аҳоли пунктларини умуман жангсиз эгаллашмоқда - психологик операциялар самарали бўлмоқда.

«АҚШ ва НАТО кучларининг зудлик билан олиб кетилиши афғон хавфсизлик кучларини руҳий жиҳатдан синдирди. Толиблар бирданига бир неча фронтдан ҳужумга ўтгани боис ҳукумат кучлари мамлакатнинг қатор туманларида, айниқса америкалик ҳарбийларнинг ҳаводан қўллаб-қувватлови тўхтаган паллада, ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун имконият ва ресурслар етишига ишонч билдирмаяпти.

«Толибон» эса ўзига хос тактика қўлламоқда - қуролни топширишга тайёр бўлган барча ҳукумат ҳарбийларига умумий амнистия эълон қилган. Айрим ҳолатларда толиблар аскарларга ўз уйларига етиб олиши учун пул ҳам бермоқда», дея қайд этади BBC радиоси Афғон хизмати муҳаррири, профессор Довуд Аъзамий.

Ўз навбатида, толибларнинг қўмондонларида ўз кучига бўлган ишонч ортиб бормоқда.

«Толиблар ҳукумат кучлари жангчилари билан музокараларга киришмоқда ва уларга демоқда: «Сизларда уч ҳафтадан буён ейишга овқат йўқ, сизларда ўқ-дори етишмаяпти, ҳеч ким сизларни қутқаришга келмайди, жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганларни ҳеч ким олиб кетмайди. Биз эса сизларни қўйиб юборишга тайёрмиз, фақат қуролларни топширсангиз бўлгани», дея ҳикоя қилади BBC’га Афғонистон армияси махсус отряди билан рейдда бўлган Times журналисти Энтони Лойд.

Гап Афғонистон армиясининг йирик ҳарбий базалари ҳақида борганда эса, «Толибон» ҳатто аскарларга ўз шахсий қуролларини олган ҳолда кетишни таклиф этмоқда. Натижада аскарлар чекинмоқда, базалардаги ўнлаб техникалар, жумладан америкаликлар томонидан афғон армиясига берилган замонавий зирҳли автомобиллар толиблар қўлига тушмоқда. Шунингдек, жангарилар миномётлар, улкан миқдордаги ўқ-дори ва бошқа оғир қуролларни ўлжа қилиб олишмоқда.

Афғон армияси толиблар қаршисида ёлғиз қолмоқда

БМТ маълумотларига кўра, май ойи бошидан буён Афғонистоннинг 60дан ортиқ тумани толиблар назоратига ўтди (мамлакатдаги туманлар сони 370 атрофида, энди шундан 90дан ортиғи толиблар қўлида). Шу билан бирга, мутахассисларнинг қайд этишича, «Толибон» асосан мамлакатнинг муҳим шаҳарлари яқинидаги стратегик позицияларни эгаллаб, ҳудудий устунликка эга бўлмоқда.