16:09 / 07.07.2021
16973

Афғонистон мудофаа вазири мамлакатдаги уруш ҳал қилувчи паллага кирганини айтди

Вазирнинг сўзларига кўра, миллий хавфсизлик кучлари маҳаллий қаршилик ҳаракатларининг қўллаб-қувватлаши ёрдамида аҳолини ҳимоя қилиш учун бор кучини ишга солади.

«Толибон» ҳаракати кучларининг мустаҳкамланиши фонида Афғонистондаги уруш ҳал қилувчи паллага кирди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Бисмилло Хон Муҳаммадий маълум қилди.

«Афғонистонда уруш авжига чиққанини ва мамлакатдаги ҳарбий вазият ўта нозик эканлигини эътироф этамиз», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, миллий хавфсизлик кучлари маҳаллий қаршилик ҳаракатларининг қўллаб-қувватлаши ёрдамида аҳолини ҳимоя қилиш учун бор кучини ишга солади.

Маълумотларга кўра, Теҳронда «Толибон» вакиллари ва Афғонистон ҳукумати ўртасида музокаралар бошланган.

Афғонистондаги вазият мамлакатдан АҚШ ва НАТО мамлакатлари ҳарбий контингенти олиб кетилиши фонида ёмонлашмоқда.

Афғонистоннинг бир неча туманларида қақшатқич жанглар давом этмоқда. Сўнгги кунларда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош бўлган Бадахшон вилоятида толиблар яққол устун кела бошлаган.

Июль ойида толиблар жанубдаги Қандаҳор вилоятида ҳам катта ҳудудларни эгаллаб олди, ўтган ойда шимолдаги Қундуз ва марказдаги Вардак эгалланганди. Афғонистон расмийлари маълумотига кўра, ҳозирда мамлакат ҳудудининг учдан бир қисми толиблар қўлига ўтган.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top